Истеъмолчи манфаати устувор

Истеъмолчи манфаати устувор

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 14-моддасига мувофиқ, истеъмолчи сифатсиз товар сотиб олган тақдирда, уни алмаштириш, камчиликларини бепул бартараф этиш ёки етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур норма истеъмолчи манфаатларини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Фарғона шаҳрида яшовчи истеъмолчи Ў.Қ. томонидан қилинган мурожаат ҳам айнан шу ҳуқуқий кафолатлар асосида ўрганиб чиқилди. Унинг мурожаатига кўра, у Қўқон шаҳрида жойлашган “A… S… K…” савдо дўконидан 3 200 000 сўмга электровелосипед харид қилган, аммо қисқа вақт ичида аккумулятор қисми носоз ҳолатга келган. Сотувчи томонидан уни алмаштиришга розилик берилган бўлса-да, лекин муаммо ҳал этиб берилмасдан келинган.

Мазкур ҳолат юзасидан истеъмолчи Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилган. Федерациянинг Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаат атрофлича ўрганилиб, сотувчига қонунчилик талаблари асосида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Олиб борилган амалий чоралар натижасида истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди. Хусусан, унга жами қиймати 800 000 сўм бўлган 4 дона аккумулятор етказиб берилди. Шу тариқа, масала истеъмолчи фойдасига ҳал қилиниб, унинг томонидан масала юзасидан қўшимча эътирозлари йўқлиги билдирилган.

Алишер Рахимов,
жамият мутахассиси.

Post Comment