Асоссиз ҳисобланган қарздорлик бартараф этилди

Асоссиз ҳисобланган қарздорлик бартараф этилди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалиётида ҳар бир мурожаат инсон манфаатлари устувор эканлигини яна бир бор намоён этади. Айниқса, коммунал хизматлар соҳасида юзага келаётган муаммоларни адолатли ҳал этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

Ўзбекистон туманида истиқомат қилувчи истеъмолчи М.М. томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат келиб тушган. Унда истеъмолчи ўз хонадонда ичимлик суви таъминоти бўйича асоссиз қарздорлик ҳисобланганидан норозилигини билдирган.

Мазкур мурожаат асосида Федерациянинг Ўзбекистон туман жамияти томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилди. Хусусан, “Фарғона сув таъминоти” АЖ Ўзбекистон туман филиали мутахассислари иштирокида жойига чиққан ҳолда ҳолат атрофлича таҳлил қилинди.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, истеъмолчининг хонадондаги сув таъминоти ҳолати, ҳисоблагич кўрсаткичлари ҳамда ҳисоб-китоблар ўзаро таққосланган. Ҳужжатларда келтирилишича, хонадондаги сув ҳисоблагич кўрсаткичи 1013 м³ ни ташкил этган бўлиб, шунга мувофиқ 71 000 сўм миқдорида қарздорлик мавжудлиги қайд этилган.

Бироқ, қўшимча ўрганишлар давомида истеъмолчига нисбатан 1 320 000 сўм миқдорида қарздорлик ҳисоблангани асоссиз эканлиги маълум бўлди. Яъни, ҳисоб-китобларда хатоликка йўл қўйилгани сабабли ортиқча қарздорлик юзага келган.

Федерациянинг туман жамияти томонидан қонунчилик талабларига асосан тегишли ташкилотга тақдимнома киритилиб, истеъмолчи манфаатларини тиклаш чоралари кўрилди. Натижада, асоссиз ҳисобланган 1 320 000 сўм қарздорлик бекор қилиниб, ҳаққоний ҳисоб-китоб тикланди.

Шунингдек, истеъмолчига келгусида бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун ҳисоблагичлардан тўғри фойдаланиш ва ҳисоб-китобларни мунтазам назорат қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарали ишлаётганини кўрсатади. Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмасдан, қонун доирасида ўрганилиши орқали адолат қарор топмоқда. Агар сиз ҳам коммунал хизматлар ёки бошқа соҳаларда ноқонуний ҳолатларга дуч келсангиз, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун мурожаат қилишдан тортинманг.

Дилшоджон Рассаев,
жамият мутахассиси.

Post Comment