Ҳудудларда истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича тарғибот тадбирлари давом этмоқда
Фарғона вилоятининг бир қатор туманларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тарғибот тадбирлари изчил давом этмоқда. Турли соҳа вакиллари, таълим муассасалари ходимлари ҳамда ёшлар иштирокида ўтказилаётган мазкур учрашувларда амалдаги қонунчилик мазмун-моҳияти кенг тушунтирилиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ёзёвон тумани
Туман Ахборот-кутубхона марказида мактаб битирувчилари учун ўтказилган тарғибот тадбирида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг асосий жиҳатлари атрофлича тушунтирилди. Ёшларга истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини билиш, сифатли хизмат ва маҳсулот талаб қилиш, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатларида мурожаат қилиш тартиблари ҳақида амалий маълумотлар берилди.
Учкўприк тумани
Туман ҳудудидаги 41-умумтаълим мактабида педагог ходимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда таълим соҳасида истеъмолчи ҳуқуқларининг аҳамияти, шартнома муносабатлари, хизмат сифати ва масъулият масалалари юзасидан фикр алмашилди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.
Бағдод тумани
Туман жамияти мутахассислари томонидан 22-давлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари иштирокида тарғибот тадбири ўтказилди. Учрашувда болалар боғчаларида кўрсатилаётган хизматлар сифати, ота-оналар билан муносабатлар ва истеъмолчи ҳуқуқларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, қонунчиликда белгиланган талаб ва меъёрларга риоя қилишнинг аҳамиятига урғу берилди.
Ўзбекистон тумани
Туман жамияти ташаббуси билан газ идораси мутахассислари иштирокида тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда аҳолига коммунал хизматлардан фойдаланишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъулияти ҳамда низоли ҳолатларни ҳал этиш механизмлари тушунтирилди. Тадбир иштирокчиларига амалий тавсиялар берилиб, уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга эътибор қаратилди.



Post Comment