Beepulдаги лимит масаласи истеъмолчи фойдасига ҳал этилди
Қўштепа туманида яшовчи фуқаро Н. М. томонидан Beeline компаниясининг Beepul иловасида картадан картага пул ўтказмалари учун ажратиладиган лимит билан боғлиқ муаммо юзасидан қилинган мурожаат ижобий ҳал этилди.
Маълум бўлишича, фуқаро ҳар ойда “Беелине” компанияси томонидан картадан картага пул ўтказмалари учун ажратиладиган 30 миллион сўмлик лимит апрел ойида берилмаганидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Телеграм-боти орқали мурожаат қилган.
Мурожаат Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши давомида “Beeline” компаниясининг Фарғона шаҳрида жойлашган офиси мутахассислари билан боғланиб, масалани атрофлича муҳокама қилинди. Ўрганишлар натижасида фуқаро мурожаати асосли деб топилиб, техник ёки тизимдаги хато сабабли ажратилмай қолган лимит қайта ажратилди ҳамда муаммо ижобий ҳал этилди.
Мазкур ҳолат рақамли хизматлар ва мобил тўлов тизимларидан фойдаланиш жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатларга тезкор муносабат билдириш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор кўрсатди.
Фуқаролар тўлов тизимлари, мобил иловалар, интернет хизматлари ёки бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизим ташкилотларига мурожаат қилишлари мумкин.



Post Comment