Молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бугунги кунда жуда муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки ҳозир деярли ҳар бир инсон банк, кредит, пластик карта, онлайн тўлов, суғурта ёки бошқа молиявий хизматлардан фойдаланади. Инсон молиявий хизматдан фойдаланганда ўз маблағининг хавфсиз бўлишини, хизматлар шаффоф ва адолатли кўрсатилишини хоҳлайди. Шу сабабли истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш молия тизимининг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчи деганда банк, микромолия ташкилоти, суғурта компанияси ёки бошқа молиявий ташкилот хизматидан фойдаланувчи оддий фуқаро тушунилади. Ҳар бир истеъмолчи хизматдан фойдаланишда тўлиқ ва аниқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. Масалан, кредит олаётган инсон кредит фоизи, муддати, жарималари ва қўшимча тўловлари ҳақида олдиндан билиши керак. Баъзан айрим ташкилотлар шартномадаги муҳим маълумотларни майда ёзувларда бериши ёки мижозга тўлиқ тушунтирмаслиги мумкин. Бу эса кейинчалик турли муаммоларни келтириб чиқаради. Шунинг учун молиявий саводхонлик ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
Бугунги кунда рақамли технологиялар ривожлангани сабабли онлайн тўловлар ва мобил иловалар орқали амалга ошириладиган молиявий хизматлар сони ортиб бормоқда. Бу қулайлик яратгани билан бирга айрим хавфларни ҳам юзага келтиради. Масалан, фирибгарлик, шахсий маълумотларнинг ўғирланиши ёки ноқонуний кредит расмийлаштириш ҳолатлари учраб туради. Шу сабабли молиявий ташкилотлар мижозларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиши, хавфсизлик тизимларини кучайтириши керак. Истеъмолчилар ҳам СМС код, карта маълумотлари ёки паролларни бегоналарга бермаслиги лозим.
Молиявий хизматлар бозорида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат томонидан ҳам назорат қилинади. Ўзбекистонда Марказий банк ва бошқа ваколатли ташкилотлар банклар ҳамда молиявий муассасалар фаолиятини кузатиб боради. Агар мижознинг ҳуқуқи бузилса, у мурожаат қилиш, шикоят ёзиш ва зарарини қоплатиш ҳуқуқига эга. Бу тизим молиявий ташкилотларнинг масъулиятини оширади ва фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлайди.Шунингдек, истеъмолчиларни ҳимоя қилишда очиқлик ва ҳалоллик тамойили катта аҳамиятга эга. Молиявий ташкилот реклама бераётганда ёки хизмат таклиф қилаётганда ёлғон маълумот бермаслиги керак. Айрим ҳолларда “фоизсиз кредит” ёки “энг қулай таклиф” деган рекламаларда яширин тўловлар бўлиши мумкин. Бу эса истеъмолчини чалғитади. Шу сабабли барча хизматлар тушунарли ва оддий тилда изоҳланиши зарур.
Молиявий саводхонликни ошириш ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим йўлларидан бири ҳисобланади. Инсон молиявий билимга эга бўлса, фирибгарларга алданмайди, шартномаларни тушунади ва ўз маблағини тўғри бошқаради. Мактаб, олий таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларида молиявий билимларни тарғиб қилиш фойдали натижа беради.
Хулоса қилиб айтганда, молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамият барқарорлиги ва иқтисодий ривожланиш учун муҳим аҳамиятга эга. Фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинганда молия тизимига бўлган ишонч ортади. Бу эса иқтисодиётнинг ривожланишига, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланишига ва молиявий хизматларнинг янада сифатли бўлишига хизмат қилади.
Хайринисо Абобакирова,
Фарғона давлат университети 3-босқич талабаси.



Post Comment