Кафолатли техникадаги носозликни бартараф этиш савдо дўкони зиммасига юклатилди

Кафолатли техникадаги носозликни бартараф этиш савдо дўкони зиммасига юклатилди

Бугунги кунда маиший техника воситаларини кредит асосида харид қилаётган истеъмолчилар сони тобора ортиб бормоқда. Бироқ айрим ҳолларда янги сотиб олинган техника воситалари қисқа вақт ичида носоз ҳолатга келиб, истеъмолчилар учун турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бундай вазиятларда фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билиши ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши муҳим аҳамият касб этади.

Қўштепа туманида яшовчи фуқаро М. Ғ. томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали қилинган мурожаат ҳам ана шундай ҳолатлардан бири бўлди. Мурожаатчи савдо дўконидан кредит асосида LG русумли кир ювиш машинасини харид қилган. Бироқ техникадан фойдаланиш бошланганидан икки ой ўтар-ўтмас, қурилмадан сув оқиши кузатилган. Фуқаро мазкур ҳолат юзасидан сервис хизматига мурожаат қилган.

Сервис маркази мутахассислари техника воситасини кўздан кечириб, уни Тошкент шаҳридаги расмий сервис марказига юборишган. Текширув якунида кир ювиш машинаси барабани ташқи таъсир натижасида шикастлангани ҳақида хулоса берилган ҳамда кафолат муддати билан харид қилинган маиший техникадаги таъмирлаш ишлари пулли асосларда амалга оширилиши маълум қилинган.

Мазкур вазиятдан норози бўлган истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Федерациянинг 1091 қисқа рақами орқали мурожаат йўллаган. Мурожаат Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди. Ўрганиш жараёнида мурожаатчи, сервис хизмати ва савдо дўкони масъуллари иштирокида музокаралар ўтказилди.

Ўрганиш ишлари доирасида кир ювиш машинасини сервис маркази томонидан таъмирлатиш, уни истеъмолчининг яшаш манзилига етказиб бериш ва қайта ўрнатиш вазифаси савдо ташкилоти масъулларига юклатилди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим ҳуқуқий сабоқ ҳисобланади. Аввало, маиший техника харид қилинганда шартнома, кафолат талони ва тўлов ҳужжатларини сақлаб қўйиш зарур. Агар маҳсулот кафолат муддати давомида носоз ҳолатга келса, истеъмолчи унинг сабабларини аниқлаш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, сервис ташкилотлари томонидан тақдим этилган хулосалар ва ҳисоб-китоблар юзасидан ҳам саволлар туғилса, истеъмолчилар мустақил равишда мурожаат қилишлари ва ҳуқуқий ёрдам сўрашлари мумкин. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кўплаб муаммолар ваколатли ташкилотлар аралашуви орқали истеъмолчи манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.

Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан кўриб чиқилган мазкур мурожаат ҳам фуқаронинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига хизмат қилди. Натижада истеъмолчи молиявий юкламасининг бир қисми камайтирилди, қўшимча компенсация ундириб берилди ва техника воситасини қайта иш ҳолатига келтириш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг амалдаги самарали натижаларидан бири бўлди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin