Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда рақамлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда рақамлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан таркибидаги 19 та туман ва шаҳар жамиятларида фаолият юритаётган ҳуқуқий ҳимоя мутахассислари иштирокида “Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда интернет технологиялари ютуқлари ва рақамлаштиришдан фойдаланиш – долзарб вазифа” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, ҳуқуқий ҳимоя соҳасида ягона ёндашувни шакллантириш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ҳамда амалдаги қонунчилик нормаларини тўғри қўллаш бўйича мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Семинар давомида ижро интизомини таъминлаш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларни ҳал этишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, электрон ҳужжат айланмаси, интернет платформалари ва замонавий ахборот технологияларининг афзалликлари хусусида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда судгача бўлган тартиб-таомиллар ҳамда суд амалиётидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Тадбирда ҳар бир туман ва шаҳар жамиятлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида эришилган натижалар ҳамда мавжуд муаммолар ҳақида ахборотлар тингланди. Хусусан, мурожаатларни ҳал этиш, истеъмолчиларга етказилган моддий зарарларни қоплатиш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, жамоатчилик мониторинглари ўтказиш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, ҳудудларда рақамли имкониятлардан фойдаланиш даражаси, мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ва ҳисобини юритиш, ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан мулоқот қилиш амалиёти таҳлил қилиниб, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Семинар иштирокчилари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида рақамлаштириш жараёнларини янада кенгайтириш, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, электрон маълумотлар базаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий интернет технологияларидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида ҳуқуқий ҳимоя мутахассисларига келгусидаги фаолиятда қонунчилик нормаларини амалиётга самарали татбиқ этиш, аҳоли билан ишлашда очиқлик ва тезкорликни таъминлаш, рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди. Семинар иштирокчилари мазкур тадбир соҳадаги тажриба алмашинувини кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin