Истеъмолчининг 520 минг сўм пули қайтариб берилди
Истеъмолчиларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Навбатдаги ижобий ҳал этилган мурожаат Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро М.Г.нинг аризаси асосида амалга оширилди.
Фуқаро Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, Қўқон шаҳри Янги бозор ҳудудидаги сотувчидан 520 минг сўм эвазига кийим-кечак харид қилганини маълум қилди. Харид қилинган маҳсулотни қайтариш учун мурожаат қилганида эса сотувчи турли баҳоналар билан товарни қабул қилмагани ва маблағни қайтаришдан бош тортганидан норози эканини билдирди.
Мурожаат Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан зудлик билан ўрганилди. Аввало, истеъмолчи билан боғланилиб, сотувчи ҳақида тўлиқ маълумотлар аниқлаштирилди. Шундан сўнг сотувчи билан амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда истеъмолчининг ҳуқуқлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ҳуқуқий тушунтиришлар натижасида сотувчи ўз хатосини тан олди ҳамда истеъмолчидан олинган 520 минг сўм маблағни тўлиқ нақд пул кўринишида қайтариб берди. Шу тариқа фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Мурожаат ҳал этилганидан сўнг фуқаро Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига миннатдорлик хати йўллаб, мурожаатига эътибор билан ёндашилгани ва қисқа вақт ичида ижобий натижага эришилгани учун жамият раҳбарияти ҳамда ходимларига самимий ташаккур билдирди.
Ушбу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда самарали фаолият юритаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Агар истеъмолчилар товар ёки хизмат билан боғлиқ ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласалар, улар Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам олишлари мумкин.



Post Comment