Истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилди: 250 минг сўмлик асоссиз қарздорлик бекор қилинди
Фуқароларнинг коммунал хизматлар соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, асоссиз ҳисобланган қарздорликларни бартараф этиш борасида Федерациянинг Фарғона туман жамияти томонидан ҳам тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлардан бирини мисол тариқасида кўриб ўтайлик.
Фарғона тумани Бўстон маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Э. туман жамиятига оғзаки мурожаат қилиб, маиший чиқиндилар хизмати бўйича 324 минг 300 сўм миқдорида қарздорлик ҳисобланганидан норозилигини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳисобланган қарздорлик ҳақиқатга тўғри келмаслиги сабабли масалага ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш сўралган.
Мурожаат қабул қилиниши билан Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ҳолат атрофлича ўрганилди. Масалага аниқлик киритиш мақсадида Фарғона туманида фаолият юритувчи «Maxsus Garant Avto Servis» МЧЖга расмий сўров хати юборилиб, ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқиш ҳамда мурожаатни қонунчилик талаблари асосида ҳал этиш сўралди.
Корхона мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганишлар давомида истеъмолчининг шахсий ҳисобварағи қайта таҳлил қилинди. Натижада ҳисобланган қарздорликда хатолик мавжудлиги аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди.
Қайта ҳисоблаш натижасида фуқаро ҳисобидан 250 минг сўм миқдоридаги асоссиз қарздорлик чиқариб ташланди. Шу тариқа истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унинг қонуний манфаатлари тикланди.
Мурожаат натижасидан мамнун бўлган фуқаро жамият ходимларига билдирган миннатдорлигида муаммоси қисқа муддат ичида ҳал қилингани ва ҳуқуқий кўмак самарали бўлганини алоҳида таъкидлади.
Ушбу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан коммунал хизматлар соҳасида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, асоссиз қарздорликларни бартараф этиш ҳамда мурожаатларни адолатли ҳал этиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганининг яна бир амалий намунасидир.
Агар истеъмолчилар коммунал тўловлар, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласалар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиш орқали ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишлари мумкин.



Post Comment