Instagram орқали буюртма қилинган маҳсулот етказилмаганлиги сабаб 200 минг сўм истеъмолчига қайтарилди

Instagram орқали буюртма қилинган маҳсулот етказилмаганлиги сабаб 200 минг сўм истеъмолчига қайтарилди

Онлайн савдонинг оммалашиб бораётгани истеъмолчилар учун кенг имкониятлар яратаётган бўлса-да, айрим ҳолларда товарни етказиб бермаслик ёки олдиндан тўланган маблағни қайтармаслик билан боғлиқ муаммолар ҳам учраб турибди. Бундай вазиятларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фуқароларнинг қонуний манфаатларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Фарғона тумани Миндонобод маҳалласида яшовчи фуқаро А.А. Instagram ижтимоий тармоғи орқали маҳсулот буюртма қилиб, сотувчига 200 минг сўм олдиндан тўлов амалга оширган. Бироқ сотувчи белгиланган муддатда маҳсулотни етказиб бермаган ва тўланган маблағни ҳам қайтармаган. Шу сабабли истеъмолчи дастлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, кейинчалик эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Мурожаат белгиланган тартибда Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди. Ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқий чоралар кўрилиб, истеъмолчининг талаблари қонунчилик асосида кўриб чиқилди. Натижада сотувчи билан тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда истеъмолчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалий ишлар бажарилди.

Олиб борилган ишлар самарасида фуқаро томонидан олдиндан тўланган 200 минг сўм маблағ тўлиқ ҳолда унинг банк пластик картасига қайтариб берилди. Шу тариқа истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унинг қонуний манфаатлари таъминланди.

Мазкур ҳолат интернет орқали харидларни амалга оширишда ишончли сотувчиларни танлаш, тўловни амалга оширишдан олдин сотувчи ҳақида етарли маълумот тўплаш муҳимлигини яна бир бор кўрсатади. Агар онлайн савдо жараёнида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилса, улар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиш орқали ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам олишлари мумкин.

Post Comment