1091 ишонч телефонига келиб тушган мурожаат ижобий ҳал этилди
Фуқароларнинг маиший техника билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал этиш ва истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай мурожаатлардан бири Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро Д. Ю. томонидан Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефони орқали йўлланди.
Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро 2025 йилда Қўқон шаҳри Янги бозор ҳудудидаги маиший техника дўконидан «Immer 6 kg» русумли кир ювиш машинасини икки йиллик кафолат билан харид қилган. Бироқ маҳсулотдан фойдаланиш жараёнида у бир неча бор носоз ҳолатга келиб қолган. Сервис хизмати томонидан техника бир неча марта олиб кетилиб таъмирланган бўлса-да, муаммо бартараф этилмагани сабабли истеъмолчи амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат белгиланган тартибда Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилди. Мутахассислар маҳсулотга хизмат кўрсатувчи Immer сервис маркази масъуллари билан боғланиб, истеъмолчининг эътирозлари ва қонунчилик талаблари юзасидан тегишли тушунтириш ишларини олиб боришди.
Олиб борилган амалий ишлар натижасида сервис маркази ходимлари кир ювиш машинасини истеъмолчининг хонадонидан олиб кетиб, носозликларни бартараф этгач, қайтадан эгасига етказиб беришди. Фуқаро техникани синовдан ўтказиб, унинг тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилганини тасдиқлади. Шу тариқа мурожаат ижобий ҳал этилиб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Мурожаат ижобий ҳал этилганидан сўнг Д. Ю. Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига миннатдорлик билдириб, аризаси қисқа вақт ичида кўриб чиқилгани ва муаммоси тезкор ҳал этилгани учун жамият ходимларига самимий ташаккур изҳор қилди.
Ушбу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан мурожаатларни ҳар томонлама ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари ва сервис ташкилотлари билан ҳамкорликда муаммоларни судгача бўлган тартибда ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу ўринда, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган ҳолларда Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефонига мурожаат қилиш орқали ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам олишлари мумкинлигини эслатиб ўтишни жоиз деб биламиз.



Post Comment