Ижтимоий тармоқ орқали қилинган буюртма бажарилмагач истеъмолчининг 160 минг сўми қайтарилди

Ижтимоий тармоқ орқали қилинган буюртма бажарилмагач истеъмолчининг 160 минг сўми қайтарилди

Онлайн савдо хизматларидан фойдаланувчилар сони ортиб бораётгани сайин интернет орқали товар буюртма қилиш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам кўпаймоқда. Бундай ҳолатларда истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари тизимининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Фарғона тумани Беруний маҳалласида яшовчи фуқаро Г. А. ижтимоий тармоқ орқали маҳсулот буюртма қилиб, сотувчига 160 минг сўм миқдорида олдиндан тўлов амалга оширган. Бироқ белгиланган муддат ўтганига қарамасдан, маҳсулот етказиб берилмаган ва сотувчи билан боғланиш ҳам самара бермагани сабабли истеъмолчи ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Мурожаат дастлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали тегишли тартибда кўриб чиқилиб, кейинчалик Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамда Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига юборилди. Мутахассислар томонидан ҳолат атрофлича ўрганилиб, мурожаат юзасидан ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Олиб борилган тушунтириш ва амалий ишлар натижасида сотувчи билан боғланилиб, истеъмолчининг талаби қонуний асосда кўриб чиқилди. Натижада маҳсулот учун олдиндан тўланган 160 минг сўм маблағ фуқаронинг банк пластик картасига тўлиқ қайтариб берилди.

Мурожаат ижобий ҳал этилганидан сўнг истеъмолчи муаммоси қисқа муддатда бартараф этилгани учун жамият ходимларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Ушбу ҳолат интернет орқали савдо қилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари самарали ишлаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Агар онлайн харид жараёнида маҳсулот етказиб берилмаса, олдиндан тўланган маблағ қайтарилмаса ёки бошқа ҳуқуқбузарликларга дуч келинса, истеъмолчилар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиб, ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилишлари мумкин.

Post Comment