Асоссиз ҳисобланган 55 минг сўм қарздорлик бекор қилинди
Коммунал хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳисоб-китобларда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиш ҳамда фуқароларнинг мурожаатларини тезкор ҳал этиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Навбатдаги мурожаат ҳам истеъмолчининг қонуний манфаатларини тиклаш билан якунланди.
Қўқон шаҳрининг «Туркистон» маҳалласида яшовчи фуқаро Р.И. Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, хонадонида амалда 3 киши яшашига қарамасдан, чиқинди ташиш хизмати учун 4 киши ҳисобидан тўлов ҳисобланаётгани ҳамда шу сабабли 55 минг сўм асоссиз қарздорлик юзага келганидан норози эканлигини билдирди.
Мурожаат белгиланган тартибда Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилди. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида чиқинди ташиш хизмати кўрсатувчи «Vodiy Maxsus Sanitar Trans» МЧЖ масъуллари билан биргаликда ўрганиш ишлари олиб борилди. Суҳбат ва ўрганишлар давомида хонадонда ҳақиқатдан ҳам уч нафар одам истиқомат қилиши аниқланди.
Шундан сўнг корхона мутахассислари, истеъмолчи ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, «Тоза макон» электрон дастурига ўзгартиришлар киритилди. Натижада хонадон бўйича ҳисоб-китоблар 3 нафар яшовчи асосида қайта юритилиши белгиланди ва истеъмолчига ҳисобланган 55 минг сўмлик асоссиз қарздорлик тўлиқ бекор қилинди.
Мурожаат юзасидан тайёрланган якуний маълумотномада мутахассислар томонидан олиб борилган ҳуқуқий тушунтириш ишлари натижасида истеъмолчининг ҳуқуқлари тўлиқ тиклангани, асоссиз қарздорлик чиқариб ташлангани ва фуқаронинг мазкур масала юзасидан бошқа эътирози қолмагани қайд этилди.
Ушбу ҳолат коммунал хизматлар учун ҳисоб-китобларда хатоликлар аниқланган тақдирда истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга эканини яна бир бор тасдиқлайди. Агар коммунал тўловлар, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам олишингиз мумкин.



Post Comment