Асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб орқали бартараф этилди

Асоссиз қарздорлик қайта ҳисоб-китоб орқали бартараф этилди

Истеъмолчиларнинг коммунал хизматлар соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳисоб-китобларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда мурожаатларни қонунчилик асосида ҳал этиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан кўриб чиқилган навбатдаги мурожаат ҳам фуқаро манфаатлари йўлида ижобий ҳал этилди.

Учкўприк тумани Янгибоғ маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Ў. чиқинди ташиш хизмати учун 206 минг сўм қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Фуқаро мазкур қарздорлик ҳақиқатга мос келмаслигини билдириб, масалага ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни сўради.

Мурожаат қабул қилингач, Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ҳолат атрофлича ўрганилди. Масалага аниқлик киритиш мақсадида чиқинди ташиш хизмати кўрсатувчи «Agro Rishton Ta’mir Servis» МЧЖга расмий сўров юборилиб, ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқиш ва ҳолат юзасидан асосланган маълумот тақдим этиш сўралди. Корхона мутахассислари иштирокида олиб борилган ўрганишлар давомида ҳисоб-китоблардаги камчиликлар аниқланди.

Текширув натижаларига кўра, истеъмолчининг шахсий ҳисоб рақами бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилиб, 206 минг сўмлик қарздорликнинг 130 минг сўми асоссиз ҳисоблангани аниқланди ва ушбу маблағ чиқариб ташланди. Шу тариқа мурожаат ижобий ҳал қилиниб, фуқаронинг қонуний манфаатлари тикланди.

Мазкур ҳолат коммунал хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, асоссиз ҳисобланган қарздорликларни бартараф этиш ҳамда мурожаатларни судгача бўлган тартибда ҳал этиш тизими самарали ишлаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Агар коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларда хатоликлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликларга дуч келсангиз, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиш орқали ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам олишингиз мумкин.

Post Comment