Тизим ташкилотларимиз хайрли ташаббуслардан четда тургани йўқ
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, оилаларни камбағалликдан чиқариш ва уларнинг барқарор даромад манбаини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу йўналишда комплекс чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиб, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу эзгу ишларга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳудудий ташкилотлари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, Федерациянинг Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар доирасида яна бир хайрли тадбир ташкил этилди.
Тадбир давомида Якковут маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилага даромад манбаини яратиш мақсадида 150 дона бедана тақдим этилди. Ушбу ташаббус оиланинг ўзини ўзи банд қилиши, қўшимча даромад олиши ҳамда турмуш фаровонлигини яхшилашига хизмат қилиши кўзда тутилган.
Бугун мазкур хонадонга ташриф буюрган Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси У. Мирзаумаров ҳамда бошқа масъуллар беданаларни оила аъзоларига топшириб, улар билан самимий мулоқот ўтказдилар. Суҳбат давомида оиланинг ҳолидан хабар олиниб, уларга доимий эътибор ва амалий кўмак кўрсатилишини таъкидладилар.
Бу каби хайрли ишлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси ҳисобланади.



Post Comment