Федерациянинг 1091 ишонч телефони орқали келиб тушган мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда

Федерациянинг 1091 ишонч телефони орқали келиб тушган мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизим ташкилотларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб турибди. Дангара туманидан келиб тушган навбатдаги мурожаат ҳам жамият мутахассислари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

Дангара тумани Қашқар маҳалласида яшовчи фуқаро Ш. А. Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, яшаш ҳудудига чиқинди ташиш хизмати кўрсатувчи махсус техникалар ўз вақтида келмаётгани сабабли чиқиндилар узоқ вақт олиб кетилмаётганидан норозилигини билдирди.

Мурожаат белгиланган тартибда Дангара туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан қабул қилиниб, ҳолат жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганиш жараёнига чиқинди ташиш хизмати кўрсатувчи «Agro Rishton Ta’mir Servis» МЧЖ масъуллари ҳам жалб этилди. Ўрганув ишлари махсус техникаларнинг бошқа ҳудудларга жалб этилгани сабабли хизмат кўрсатишда кечикишлар юзага келгани аниқланди.

Масъуллар иштирокида ўтказилган муҳокамалар натижасида хизмат кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Корхона раҳбарияти билан келишувга мувофиқ, ҳудудга махсус техникалар мунтазам равишда чиқарилиши ва чиқиндилар белгиланган жадвал асосида олиб кетилиши таъминланди. Натижада мурожаатчи яшайдиган маҳаллада тўпланиб қолган чиқиндилар тўлиқ олиб кетилди.

Мурожаат якуни бўйича фуқарога расмий жавоб хати юборилиб, кўрилган чора-тадбирлар ҳамда хизмат кўрсатиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу тариқа истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унинг қонуний манфаатлари таъминланди.

Мазкур ҳолат истеъмолчиларнинг коммунал хизматлар соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли мурожаатларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва муаммоларни судгача бўлган тартибда ҳал этиш амалиёти самарали натижа бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Агар коммунал хизматлар, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига ёки Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефонига мурожаат қилиб, ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам олишингиз мумкин.

Post Comment