Фарғона вилоятида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш натижалари
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Ҳисобот даврида ҳудудий бирлашма ва унинг шаҳар-туман жамиятларига 966 та мурожаат келиб тушди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳолининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маданияти юксалаётгани ҳамда Федерацияга бўлган ишонч ортиб бораётганини кўрсатади.
Келиб тушган мурожаатларнинг 390 таси ёзма, 576 таси оғзаки мурожаатлардан иборат бўлиб, оғзаки мурожаатлар умумий мурожаатларнинг қарийб 60 фоизини ташкил қилди. Бу эса фуқаролар масалани ортиқча вақт йўқотмасдан жойида ҳал қилишга интилаётганини англатади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, истеъмолчиларни энг кўп қийнаётган масалалар коммунал хўжалик ва энергия таъминоти билан боғлиқ.
Жумладан:
• коммунал хўжалик– 196 та мурожаат;
• газ таъминоти – 195 та;
• савдо соҳаси – 194 та;
• сув таъминоти – 81 та;
• маиший хизмат (сервис) – 55 та;
• электр таъминоти – 56 та;
• алоқа ва интернет – 21 та;
• соғлиқни сақлаш – 8 та;
• транспорт соҳаси – 3 та;
• бошқа соҳалар – 157 та.
Ушбу рақамлар коммунал хўжалик, яъни уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бошқарув сервис компаниялари хизматлари, табиий газ таъминоти ва савдо муносабатлари бўйича муаммолар ҳануз энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Савдо соҳасидаги 194 та мурожаатнинг таркибий таҳлилига кўра, уларнинг:
• 78 тасини – харид қилинган маиший техника билан боғлиқ муаммолар ташкил қилган бўлса;
• 14 тасини – дори воситалари;
• 9 тасини озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси;
• қолган 93 таси эса савдо билан боғлиқ бошқа масалалардан иборат бўлган.
Бу кўрсаткичлар истеъмолчиларнинг асосан қимматбаҳо техника воситалари, кафолат мажбуриятлари, товарни алмаштириш ёки қайтариш ҳамда сотувдан кейинги хизматлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар:
• Марғилон шаҳри – 168 та;
• Қўштепа тумани – 78 та;
• Фарғона шаҳри – 72 та;
• Бувайда тумани – 64 та;
• Қўқон шаҳри – 59 та;
• Олтиариқ тумани – 57 та;
• Ёзёвон тумани – 54 та.
Бу ҳудудларда аҳоли сонининг кўплиги билан бир қаторда коммунал хизматлар, савдо ва шартномавий муносабатларга оид низолар ҳам кўпроқ учраётганини англатади.
Ҳисобот даврида келиб тушган 966 та мурожаатнинг 932 таси, яъни 96,5 фоизи ижобий ҳал этилди.
Натижада истеъмолчилар фойдасига жами 1 миллиард 297 миллион 712 минг 744 сўм миқдорида маблағ ундирилди ёки қайтарилди.
Ҳисобот даврида истеъмолчилар ҳуқуқларини суд тартибида ҳимоя қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ихтиёрий тартибда ҳал этилмаган низолар юзасидан судларга 81 та даъво аризаси киритилди.
Суд қарорлари асосида истеъмолчилар фойдасига 28 миллион 608 минг 858 сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ундирилди.
Айниқса, судга киритилган даъво аризаларнинг асосий қисми Марғилон шаҳри ҳиссасига тўғри келгани мазкур ҳудудда ҳуқуқий ёрдамга бўлган талаб юқорилигини кўрсатади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг қарийб 60 фоизи коммунал хизматлар, газ таъминоти ва савдо соҳаси ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бу соҳаларда рақобат муҳитини кучайтириш, хизмат кўрсатиш сифати устидан жамоатчилик назоратини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, 96,5 фоиз мурожаатларнинг ижобий ҳал этилгани Федерация тизими самарадорлигини тасдиқласа, судлар орқали истеъмолчилар манфаатига ундирилган маблағлар ҳуқуқий ҳимоя механизмларининг амалий натижа бераётганини кўрсатади.
Брифинг спикери: Шахло Касимова – ҳудудий бирлашма мутахассиси.



Post Comment