Фарғонада озиқ-овқат хавфсизлиги юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди

Фарғонада озиқ-овқат хавфсизлиги юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан тасдиқланиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси билан келишилган жамоатчилик назорати тартибида ўтказиладиган кузатув-ўрганишлар режасига мувофиқ, ҳудудий бирлашманинг 2026 йил 9 июндаги 17-и/ч-сонли буйруғига билан, жорий йилнинг 9–30 июн кунлари давомида вилоят ҳудудидаги улгуржи ва деҳқон бозорлари, савдо дўконлари, йирик маркет ҳамда супермаркетларда озиқ-овқат хавфсизлиги, маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари, давлат сертификатлаштириш талабларига риоя қилиниши, йодланган ош тузи савдоси ҳамда санитария қоидаларига амал қилиниши юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди.

Асосий мақсад аҳолига таклиф этилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифати, уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларининг таъминланиш даражасини баҳолашдан иборат бўлди.

Жамланган маълумотларга кўра, маҳсулотларга оид сертификатлар 207 та объектда мавжуд бўлиб, 36 та объектда мавжуд эмаслиги ёки ўрганиш кунида тақдим эта олинмаганлиги қайд қилинди. Бу ҳолат айрим тадбиркорлик субъектларида маҳсулотларнинг қонуний айланмаси ва хавфсизлиги бўйича назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Маҳаллий маҳсулотлар маркировкаси бўйича вазият нисбатан ижобий бўлиб, 180 та объектда талаблар тўлиқ, 62 та ҳолатда қисман бажарилганлиги кузатилиб, 1 та ҳолатда бу борадаги талабларга амал қилинмаслик ҳолати қайд қилинган.

Импорт маҳсулотларида давлат тилидаги маркировка бўйича ҳам ижобий кўрсаткичлар кузатилди. 224 та объектда мазкур талаблар таъминланган бўлса, 19 та объектда бу борадаги талабларни таъминламаганлик ҳолати кузатилган.

Нарх ёрлиқларини расмийлаштириш ҳолати таҳлил қилинганда, 142 та объектда талабларга тўлиқ, 89 та объектда эса қисман риоя этилганлиги, 12 та объектда эса нарх ёрлиқлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги қайд қилинган.

Ўрганишда товарлар қадоқларида маҳсулотларнинг яроқлилик муддатлари кўрсатилмаслик қайд этилмаган бўлсада, муддати ўтган маҳсулотлар билан боғлиқ ҳолатлар мажудлиги кўрилган. Жумладан, 65 та объектда муддати ўтган маҳсулотлар мавжудлиги қайд қилинган ва уларни савдодан олиш чоралари кўрилган.

Совутгич ва музлатгичларнинг техник ҳолати асосан қониқарли баҳоланди. 231 та объектда жиҳозлар ишчи ҳолатда бўлса, 11 та объектда қисман носозликлар мавжудлиги, 1 та объектда эса умуман ишламаслиги қайд этилди.

Маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи (тайёрловчи) томонидан белгилаган сақлаш шартларига риоя қилиниши бўйича 240 та объектда мазкур талаблар тўлиқ ёки қисман бажарилганлиги кузатилган бўлса, 3 та объектда ушбу талабларга риоя этилмаганлик ҳолатлари бор.

Йодланган ош тузи савдоси бўйича натижалар ижобий бўлиб, 222 та объектда йодланган туз мавжудлиги ва уларнинг қадоғи белгиланган талабларга жавоб бериши кузатилди. 21 та объектда ўрганиш кунида савдода ош тузи бўлмаганлиги сабабли мазкур талабларга рио этилиш ёки этилмаслиги ҳолатларини ўрганишни имкони бўлмади.

Очиқ ҳолда сотилаётган маҳсулотларнинг санитария талабларига мувофиқ ҳимоя қилиниши юзасидан 156 та объектда талаблар бажарилган, 65 та объектда қисман, 22 та объектда эса маҳсулотлар етарли даражада ҳимояланмаган.

Сотувчиларнинг махсус кийимда фаолият юритиши масаласида 81 та объектда талабларга тўлиқ амал қилинган, 57 та объектда қисман, 105 та объектда эса махсус кийимдан фойдаланилмагани кузатилди. Бу санитария маданияти бўйича энг долзарб муаммолардан бири экани намоён бўлди.

Сотувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўйича 148 та объектда ҳужжатлар мавжудлиги кўрилиб, 95 та объектда мазкур ҳужжатларни тақдим эта олмаганлар.

Умуман олганда, мониторинг натижалари Фарғона вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётганини кўрсатади. Айниқса, импорт маҳсулотларининг давлат тилида маркировкаланиши, йодланган ош тузи савдоси, совутиш жиҳозларининг ишчи ҳолати ва сақлаш шартларига риоя этилиши бўйича кўрсаткичлар яхши даражада шаклланган.

Шу билан бирга, маҳсулот сертификатларининг тўлиқ расмийлаштирилмаслиги, нарх ёрлиқларини тўғри юритмаслик, муддати ўтган маҳсулотларнинг савдода учраши, очиқ ҳолда сотилаётган маҳсулотларнинг санитария талабларига мувофиқ ҳимоя қилинмаслиги, сотувчиларнинг махсус кийимсиз фаолият юритиши ва тиббий кўрик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги каби ҳолатлар тизимли муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги таклифлар билдирилади:

  • Савдо объектларида маҳсулот сертификатлари, мувофиқлик ҳужжатлари ва маркировкаларнинг тўлиқлигини доимий назорат қилиш бўйича ички аудит тизимини йўлга қўйиш.
  • Сотувчилар томонидан муддати ўтган маҳсулотларни сотувдан зудлик билан чиқариш бўйича ҳар кунлик ички текширув журналини юритишни жорий этиш.
  • Савдо объектларида барча маҳсулотларга ягона намунадаги нарх ёрлиқларини жорий этиш ва уларнинг мунтазам янгиланишини таъминлаш.
  • Импорт маҳсулотларида давлат тилидаги маркировка талабларига амал қилмаган тадбиркорлик субъектлари билан манзилли ишлаш ва қонунчилик талабларини тушунтириш.
  • Савдо объектларида ишловчи ходимларнинг тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтишини рақамли ҳисобга олиш тизимини жорий этиш.
    Йодланган ош тузининг мавжудлиги ва сифати бўйича мониторингларни мунтазам давом эттириш ҳамда аҳоли ўртасида йод танқислигининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш.

Брифинг спикери: Шахло Касимова – ҳудудий бирлашма мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin