Фурқатда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Фурқатда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси Аҳроржон Рахмоналиев Фурқат тумани ҳокими Элёрбек Асронқулов билан учрашув ўтказди.

Мулоқотнинг асосий мавзуси истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ижтимоий шериклик имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли манфаатларига дахлдор масалаларни биргаликда ҳал этиш истиқболларига қаратилди.

Учрашувда бугунги кунда истеъмолчи кундалик ҳаётида савдо, коммунал хизматлар, транспорт, тиббий ва маиший хизматлар, электрон савдо каби кўплаб соҳалар билан муносабатга киришиши, шу боис унинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласи кенг қамровли ёндашувни талаб қилиши таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, туман миқёсида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада жонлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва қонунчилик талабларини аҳолига содда ҳамда тушунарли шаклда етказиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Аҳроржон Рахмоналиев истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда жамоат ташкилотларининг ўрни, жамоатчилик назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш орқали соҳалардаги тизимли муаммоларни аниқлашнинг аҳамияти хусусида тўхталди.

Ўз навбатида, мулоқотда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва туман ҳокимлиги ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, зарур ҳолларда мутасадди ташкилотларни жалб этган ҳолда мурожаатларни ҳамкорликда ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чораларни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Шунингдек, маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш, ёшлар ва кенг жамоатчилик ўртасида истеъмол маданиятини ошириш, савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари билан тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда жамоатчилик мониторинглари натижаларидан соҳадаги муаммоларни бартараф этишда самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Фурқат тумани ҳокимлиги ва Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича ишларни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Бундай мулоқотлар жойларда давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, аҳоли мурожаатларига янада яқин бўлиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Post Comment