172 миллион сўм тўланди, аммо уй топширилмади…
Фарғона шаҳрида кўп қаватли уй харид қилган фуқаронинг мурожаати Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари тизими томонидан ўрганилиб, истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалий чоралар кўрилди.
Маълум бўлишича, фуқаро “Aziza CREDO MAX” МЧЖ билан тузилган шартнома асосида бир ва икки хонали иккита хонадон харид қилиш учун жами 172 132 422 сўм тўловни амалга оширган. Бироқ кейинчалик оилавий шароити сабабли шартномани бекор қилиш ва тўланган маблағларни қайтариш бўйича қурилиш корхонасига ёзма мурожаат қилган. Аризада маблағларни белгиланган муддатда қайтариш сўралган бўлса-да, мурожаат узоқ вақт давомида ҳал этилмаган.
Шундан сўнг фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилган. Мутахассислар мурожаатни ўрганиб, қурилиш ташкилотига расмий сўров юборди ҳамда шартнома шартлари бажарилиши юзасидан изоҳ талаб қилди. Корхонага истеъмолчи ҳуқуқлари бузилиши оқибатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиниши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантириш берилди.
Ўрганишлар давомида корхона номи ўзгартирилгани, бироқ у аввалги мажбуриятларни тўлиқ бажариши лозимлиги маълум бўлди. Корхона тақдим этган жавобга кўра, шартнома бекор қилинган, истеъмолчига тўланган маблағларни қайтариш ишлари бошланган ва шу кунгача 98 миллион 800 минг сўм қайтарилган. Қолган 73 миллион 332 минг 442 сўм маблағни белгиланган муддатда тўлиқ қайтариш мажбурияти олинган.
Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари мазкур масала юзасидан истеъмолчи ва корхона ўртасида ўзаро келишувга эришилганини қайд этиб, мурожаатчига натижалар ҳақида ёзма равишда маълумот берди. Шу билан бирга, агар белгиланган мажбуриятлар бажарилмаса, истеъмолчининг юқори турувчи ташкилотлар ҳамда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги ҳам тушунтирилди.
Уй-жой сотиб олиш бўйича тузилган шартнома бекор қилинганда ёки қурувчи ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганда истеъмолчи ёлғиз эмас. Бундай вазиятларда ҳужжатларни сақлаб қолиш, ёзма мурожаат қилиш ва зарур ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат этиш муаммонинг қонуний ва самарали ҳал этилишига хизмат қилади.
Мазкур ҳолат ҳам шуни кўрсатадики, Федерация тизими томонидан олиб борилган ҳуқуқий ўрганишлар ва расмий мулоқот натижасида истеъмолчининг манфаатлари ҳимоя қилиниб, тўланган маблағларни қайтариш жараёни амалий босқичга олиб чиқилди.



Post Comment