Газ таъминоти йўналишида асоссиз чиқарилган қарздорлик бўйича мурожаат ижобий ҳал этилди

Газ таъминоти йўналишида асоссиз чиқарилган қарздорлик бўйича мурожаат ижобий ҳал этилди

Кундалик ҳаётда коммунал хизматлар учун ҳисоб-китоблар билан боғлиқ турли ҳолатлар учраб туради. Айниқса, фуқаронинг шахсий ҳисобварағида қарздорлик пайдо бўлгани ҳақида хабар келганда, унинг сабабларини аниқлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар қандай ҳисобланган қарз ҳам ҳақиқатда мавжуд қарздорликни англатавермайди.

Фарғона туманида яшовчи фуқаро М.Й. ҳам ана шундай ҳолатга дуч келди. У Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли Ишонч телефонига мурожаат қилиб, табиий газ таъминоти бўйича шахсий ҳисобварағида 1 миллион 500 минг сўм миқдорида асоссиз қарздорлик чиқарилганидан норозилигини билдирди. Мурожаат белгиланган тартибда Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси орқали Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ўрганиш учун юборилди.

Фарғона туман жамияти томонидан масала атрофлича ўрганилиб, мурожаатда кўрсатилган ҳолат юзасидан тегишли ташкилотга расмий сўров юборилди. Хусусан, фуқаронинг шахсий ҳисобварағи бўйича юритилаётган ҳисоб-китобларни аниқлаштириш, қарздорликнинг ҳақиқий ёки асоссиз эканини текшириш ҳамда мурожаатга қонуний тартибда жавоб қайтариш сўралди.

Мурожаат юзасидан ўтказилган ўрганиш давомида фуқаронинг газ таъминоти бўйича шахсий ҳисоби текширилди. Натижада фуқаронинг ҳақиқатда табиий газдан қарздорлиги мавжуд эмаслиги аниқланди. Шунингдек, ҳужжатлардаги маълумотларга кўра, мазкур ҳолат маҳалла газчиси томонидан адашмовчилик асосида далолатнома бириктириб қўйилгани билан боғлиқ экани маълум бўлди. Масала ўрганилиб, юзага келган ҳолатни тегишли тартибда бартараф этиш ҳамда уни тўлиқ қоплаш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Бу ҳолат истеъмолчилар учун муҳим бир хулосани кўрсатади: шахсий ҳисобварағингизда қарздорлик пайдо бўлса, уни дарҳол ҳақиқат деб қабул қилишга шошилманг.

Аввало:
— қарздорлик қайси давр учун ҳисобланганини аниқланг;
— ҳисоб-китоб маълумотларини текширинг;
— шахсий ҳисоб рақамингиз бўйича тегишли ташкилотдан изоҳ талаб қилинг;
— зарур ҳолларда ёзма ёки электрон тартибда мурожаат қилинг;
— ҳуқуқингиз бузилган деб ҳисобласангиз, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан амалий ёрдам сўранг.

Чунки баъзан техник хато, маълумотларни нотўғри киритиш ёки бошқа сабаблар натижасида ҳисоб-китобларда тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин. Бундай вазиятда эса муаммони ўз вақтида ўрганиш ва зарур далиллар асосида масалага ойдинлик киритиш муҳимдир.

Хулоса оддий: асоссиз қарздорликка дуч келдингизми, муаммони четлаб ўтманг. Ҳисоб-китобни текширинг, тушунтириш талаб қилинг ва зарур бўлса, ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш учун мурожаат қилинг. Чунки ҳар бир мурожаат ортида фуқаронинг қонуний манфаати туради.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin