Тўй ва маросимлар хизмати: истеъмолчилар ҳуқуқи – устувор вазифа

Тўй ва маросимлар хизмати: истеъмолчилар ҳуқуқи – устувор вазифа

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан вилоят миқёсида тўй ва маросимлар индустрияси субъектлари фаолияти бўйича кенг қамровли жамоатчилик мониторинги ўтказилмоқда. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади базмгоҳлар, тўйхоналар, келин либослари салонлари, фото ва видеостудиялар ҳамда бошқа шу турдаги хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг қонунийлиги, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларининг таъминланишини ўрганишдан иборат.

Риштон тумани

Туманда олиб борилаётган ўрганишлар жараёнида ҳудуддаги тўй индустрияси билан боғлиқ субъектларнинг фаолияти таҳлил қилинмоқда. Хусусан, тумандаги тадбиркорлар томонидан мижозлар билан ёзма шартномалар тузиш тартиби, хизмат нархларининг очиқлиги ҳамда тўйхоналарда санитария меъёрларига риоя қилиниш ҳолатлари ўрганилмоқда. Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликлар юзасидан тадбиркорларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилмоқда.

Данғара тумани

Мазкур ҳудудда ҳам асосий эътибор базмгоҳлар, тўйхоналар фаолияти, шунингдек улар билан боғлиқ ҳолда фаолият олиб борувчи келин либослари салонлари ва фото-видео студиялар фаолиятига қаратилган. Ўрганишлар давомида ушбу соҳада фаолият юритаётган субъектларнинг давлат рўйхатидан ўтганлик ҳолати ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифат стандартларига мослиги ўрганилмоқда. Айниқса, тўловларни амалга оширишда онлайн-касса чекларининг берилиши ва истеъмолчиларнинг эътирозларини ҳал этиш тизими (шикоятлар китоби) мавжудлиги алоҳида назоратга олинган.

Умуман олганда, Фарғона вилоятида ўтказилаётган ушбу мониторинг тадбирлари тўй ва маросимлар индустриясида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритилади ва соҳадаги тизимли муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз хизматлардан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқларингиз бузилиши ҳолатларига дуч келсангиз, Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин. Шунингдек, телефон браузери ойнасига murojaat.istemol.uz манзилини териб, электрон шаклда ҳам ўз мурожаатларингизни юборишингиз мумкин.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin