«Кварц» АЖ ишчилари ўртасида истеъмолчилик маданияти тарғиб қилинмоқда
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қувасой шаҳар жамияти томонидан ҳудуддаги «Кварц» акциядорлик жамиятида меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар ўртасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик асосларини тарғиб қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — корхонада Федерациянинг бошланғич ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш орқали ишчи-хизматчиларнинг мамлакатимиздаги истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг соҳадаги ҳуқуқий билим ва хабардорлигини оширишдан иборат.
Шунингдек, ишчи-хизматчиларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари ижроси устидан олиб бориладиган жамоатчилик назорати ишларига кенг жалб этиш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Қувасой шаҳар жамияти томонидан «Кварц» акциядорлик жамияти ишчиларининг смена алмашинуви пайтида ўзига хос тарғибот акцияси ташкил этилди. Акция доирасида ишчи-хизматчиларга сув ва салқинлантирувчи ичимликлар тарқатилиб, улар билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Федерация фаолияти ва мамлакатимиздаги истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг аҳамияти хусусида суҳбатлар ўтказилди.
Учрашувлар жараёнида иштирокчиларнинг Федерация ва унинг фаолияти ҳақидаги тушунча ҳамда билимлари ҳам ўрганилди. Савол-жавоб ва мулоқот тарзида ўтказилган суҳбатлар ишчи-хизматчиларнинг истеъмолчилик соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларга нисбатан янада фаол муносабатни шакллантиришга хизмат қилди.
Бундай тарғибот тадбирлари корхоналарда истеъмолчилик маданиятини юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ва жамоатчилик назоратида аҳолининг фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.



Post Comment