Меҳнат ва садоқат эътирофи

Меҳнат ва садоқат эътирофи

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва жамоатчилик билан ишлаш йўлида фидойилик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакилларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтган ва унда ўз меҳнати, масъулияти ва касбига садоқати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи инсонларнинг хизматлари эътироф этилган эди.

Тақдирланганлар орасида Фарғона вилоятининг ҳам муносиб вакиллари бор. Улардан бири — Қўштепа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Саидова Маърифатхон Мавлоновна. У 2002 йилдан буён ушбу тизимда раҳбар сифатида фаолият юритиб, аҳолининг истеъмол маданияти ва ҳуқуқий билимини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Раҳбарлиги даврида туманда 72 та таянч гуруҳи ташкил этилган, 7 мингдан ортиқ киши Федерацияга аъзо бўлган. 2002–2026 йиллар давомида 540 та ўқув семинари ва 348 та давра суҳбати ўтказилиши таъминланган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғибот ишлари олиб борилган, фуқаролар мурожаатлари ўрганилиб, истеъмолчилар фойдасига 344 миллион сўмлик моддий манфаат тикланган.

Фарғона вилоятидан тақдирланган яна бир фидойи соҳа вакили — Усмонов Баҳодирхон Сайджакабарович. У 2003 йилдан Федерация тизимида фаолият юритиб, турли йилларда Марғилон, Тошлоқ, Қувасой, Қўштепа ва Фарғона шаҳар ҳамда туман жамиятларида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган. Кўп йиллик фаолияти давомида Фурқат, Сўх, Олтиариқ, Қува, Учкўприк, Бувайда ва Ўзбекистон туманларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фаолиятини ташкил этишда фаол иштирок этган. Аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот, мурожаатлар билан ишлаш, мониторинг ва ўрганув тадбирларини ташкил этишдаги тажрибаси ҳамда ёш ходимларга устозлик қилиб келаётгани алоҳида эътироф этилган.

Мазкур эътироф — нафақат тақдирланган ходимларнинг кўп йиллик меҳнатига берилган юксак баҳо, балки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фидойилик билан меҳнат қилаётган барча ходимларга билдирилган ҳурмат ифодасидир. Зеро, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқини тиклаш, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва истеъмол маданиятини юксалтириш йўлидаги ҳар бир эзгу ташаббус жамият тараққиётига хизмат қилади. Бу каби меҳнат эътирофи соҳада кўп йиллик тажриба ва садоқат анъаналарини давом эттириш, ёш мутахассисларни рағбатлантириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатини янада ривожлантириш учун муҳим маънавий рағбатдир.

Post Comment