Фарғонада туман (шаҳар) жамиятлари ҳамда таянч гуруҳлари фаолларининг йиғилишлари старт олди
Бугун – 16 сентябр кунидан бошлаб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона вилоятидаги туман (шаҳар) жамиятлари ҳамда таянч гуруҳлари фаолларининг йиғилишлари старт олмоқда.
Вилоятимиздаги 19 та туман (шаҳар) жамиятлар томонидан бу каби тадбирлар жорий йилнинг 14 октябрига қадар ўтказилади ҳамда уларда тизим ташкилотлари ходимлари ва таянч гуруҳлари фаоллари ичидан вилоят конференциясига делегатлар сайланади. Шундан сўнг октябр ойида Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтади. Ноябр ойида эса Федерациянинг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шу нуқтаи назардан бугун вилоят ҳудудий бирлашмаси Мажлислар залида Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва таянч гуруҳлари фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалар шаҳар жамиятининг 2021-2025 йиллар давомидаги фаолияти бўйича ҳисоботи ҳамда вилоят конференциясига делегатлар сайлашдан иборат бўлди.
Йиғилишда дастлаб Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Нодиржон Тошкановнинг ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан маърузаси тингланиб, унда келтирилган маълумотлар таянч гуруҳлари фаоллари муҳокамасидан ўтказилди ҳамда ҳисобот даврида олиб борилган ишларни қониқарли деб топилди.
Шундан сўнг, йиғилиш вилоят ҳудудий бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайлаш билан ўз ишини якунлади.



Post Comment