«Беруний» маҳалласида истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича очиқ мулоқот

«Беруний» маҳалласида истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича очиқ мулоқот

Фарғона шаҳридаги «Беруний» маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг истеъмолчилар ҳуқуқларига оид билимларини ошириш ва ҳуқуқий хабардорлигини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирок этдилар.

Суҳбат давомида истеъмолчиларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган муаммоли ҳолатлар мисолида товар ва хизмат танлашда нималарга эътибор бериш, шартнома шартларини ўрганиш, тўлов ҳужжатларини сақлаш ва ҳуқуқ бузилган тақдирда қай тартибда мурожаат қилиш кераклиги ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шу билан бирга, иштирокчиларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, турли харид ва хизматлардан фойдаланишда шошма-шошарликка йўл қўймаслик, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билишнинг аҳамияти таъкидланди. Аҳолига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд ҳуқуқий ҳимоя механизмлари ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.

Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдилар ва тегишли жавоб ҳамда тавсиялар олдилар.

Бундай тарғибот тадбирларининг маҳаллаларда мунтазам ташкил этилиши аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, истеъмолчилик муносабатларида масъулиятни ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Post Comment