Тошлоқ туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ва таянч гуруҳлари фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди
Шу кунларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Федерацияси Фарғона вилоятидаги туман (шаҳар) жамиятлари ҳамда таянч гуруҳлари фаолларининг йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Бугун Тошлоқ туманида ҳам худди шундай тадбир ўтказилиб, унда жамият ходимлари ва таянч гуруҳлари фаолллари, шунингдек вилоят ҳудудий бирлашма масъуллари, Рақобат бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Йиғилиш давомида Тошлоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг ҳисобот даврида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда таянч гуруҳлари фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда қайд этилган маълумотлар таянч гуруҳлари фаоллари томонидан муҳокама қилиниб, амалга оширилган ишлар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди. Йиғилиш якунида жамиятнинг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб топилди.
Шундан сўнг, кун тартибидаги яна бир муҳим масала — Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмасининг ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайлаш жараёни амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятдаги 19 та туман (шаҳар) жамиятларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари 14 октябрга қадар давом этади. Уларда тизим ташкилотлари ходимлари ва таянч гуруҳлари фаоллари иштирокида ҳисоботлар муҳокама қилиниб, вилоят конференциясига делегатлар сайланади.
Октябрь ойида Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмасининг, ноябрь ойида эса Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳисобдорлик, очиқ мулоқот ва келгуси вазифалар — тизим фаолиятини янада такомиллаштириш йўлида муҳим қадамдир.



Post Comment