Истеъмолчининг 410 минг сўмлик хариди юзасидан амалий чора кўрилди
Хонадонда қурилиш ва таъмирлаш ишлари давомида қум, шағал, цемент, кўмир каби материалларни ташишда халқимиз тилида ғалтак арава дейиладиган аравачалар муҳим ёрдамчи восита ҳисобланади. Шу сабабли харид қилинган аравачанинг сифатли, мустаҳкам ва фойдаланишга яроқли бўлиши истеъмолчи учун муҳим аҳамиятга эга.
Ёзёвон тумани Юқори маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳ.О. 2026 йил 15 сентябр куни 410 минг сўмга бир дона темир аравача харид қилган. Бироқ маҳсулотдан бир кун фойдаланганидан сўнг, унинг пастки қисми букилиб, аравача яроқсиз ҳолатга келган. Истеъмолчи маҳсулотни алмаштириб беришни сўраганида, сотувчи буюртмалар кўплигини баҳона қилиб, аравачани 10–15 кундан кейин тайёрлаб беришини билдирган. Шу муносабат билан фуқаро Ёзёвон тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида жамият мутахассислари томонидан истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди. Сотувчига истеъмолчи талабини белгиланган тартибда ҳал этиш зарурлиги билдирилиб, муаммони тезкорликда ҳал қилиш бўйича тушунтириш берилди. Ўрганиш якунлари билан фуқарога сотилган аравачанинг пастки қисми мустаҳкам темир материалидан тайёрлаб берилиб, муаммо ҳал этиб берилди
Шу каби ҳолатлар бўйича истеъмолчиларга муҳим эслатма: қурилиш материалларини ташиш учун мўлжалланган аравача каби маҳсулотларни харид қилишда унинг мустаҳкамлиги ва сифатини текшириш, тўлов ҳужжатини сақлаш ҳамда носозлик аниқланса, сотувчига ўз талабини аниқ билдириш зарур. Муаммо ҳал этилмаган тақдирда эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилиш мумкин.



Post Comment