Қува туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар сарҳисоб қилинди
Қува туманида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамда таянч гуруҳлари фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда жамиятнинг ўтган даврдаги фаолиятини сарҳисоб қилиш ва келгуси вазифаларни белгилашга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш кун тартибидан асосий масала сифатида жамиятнинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти натижаларини муҳокама қилиш ўрин олди. Ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолият юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида таянч гуруҳлари фаолларининг жойлардаги ролига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллаларда аҳоли билан яқин ишлаш, истеъмолчиларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш ва зарур ҳолларда тегишли тартибда амалий кўмак кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмасининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Кун тартибидаги мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, конференцияда туман жамияти номидан иштирок этадиган делегатлар белгиланди.
Йиғилиш якунида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, жойларда таянч гуруҳлари фаоллигини ошириш ва аҳоли билан самарали мулоқотни янада кучайтиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.



Post Comment