Чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари бўйича аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари таҳлили

Чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари бўйича аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари таҳлили

Ҳудудий бирлашма томонидан аҳолига чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари кўрсатилиши ҳолатини ўрганиш, хизматлар сифати, ўз вақтида кўрсатилиши ҳамда истеъмолчиларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишини баҳолаш мақсадида ўтказилган сўровнома натижалари муайян муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Сўровномада иштирок этган 379 нафар аҳоли вакилининг 240 нафари (63,3 фоизи) яшаш ҳудудида чиқинди контейнерлари мавжуд эмаслигини билдирган. Контейнерлар мавжуд бўлган ҳудудларда ҳам уларнинг сони етарли эмаслиги ҳақида 262 нафар (69,1 фоиз) иштирокчи фикр билдирган.

Туман (шаҳар)лар кесимида таҳлил қилинганда, контейнерлар билан таъминланганлик ҳолати айниқса Қува, Қўштепа, Қўқон шаҳри, Бувайда ва Данғара туманларида муаммоли кўринади. Масалан, Қува ва Қўштепа туманларида сўровда қатнашганларнинг барчаси контейнерлар мавжуд эмаслигини қайд этган.

Контейнерларнинг техник ҳолати бўйича 41 нафар “яхши”, 281 нафар “қониқарли”, 57 нафар эса “ёмон” деб баҳолаган. Контейнерлар атрофининг доимо тоза сақланиши ҳақида ижобий фикр билдирганлар 108 нафарни ташкил этган бўлса, 172 нафар аҳоли бу ҳолат фақат баъзан таъминланишини, 99 нафар эса контейнерлар атрофи тоза сақланмаслигини билдирган.

Чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш масаласи

Сўровнома натижаларининг энг муҳим жиҳатларидан бири — чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш билан боғлиқ муаммолардир. 204 нафар (53,8 фоиз) иштирокчи чиқиндилар белгиланган муддатда олиб кетилмай қоладиган ҳолатлар мавжудлигини қайд этган.

Бу муаммо Қува туманида — 100 фоиз, Қўштепада — 95 фоиз, Бувайдада — 100 фоиз, Тошлоқда — 85 фоиз, Ёзёвонда — 82 фоиз, Олтиариқда — 81,8 фоиз ва Риштонда — 75 фоиз даражасида қайд этилган.

Шу билан бирга, чиқиндиларни белгиланган график асосида олиб чиқиш масаласида ҳам ҳудудлар ўртасида жиддий фарқ бор. Айрим ҳудудларда хизмат график асосида амалга оширилаётган бўлса, бошқа ҳудудларда аҳоли аниқ график мавжуд эмаслиги ёки графикка риоя этилмаслигини билдирган.

Тўловлар, шартнома ва қарздорлик ҳолати

Сўровда иштирок этганларнинг 358 нафари (94,5 фоизи) чиқинди ташиш хизмати учун тўлов амалга оширишини билдирган. 312 нафар (82,3 фоиз) тариф миқдори ҳақида маълумотга эга эканини, 349 нафар (92,1 фоиз) эса тўлов миқдорини тушунарли деб ҳисоблашини билдирган.

Бироқ хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома масаласида вазият нисбатан мураккаб: 177 нафар “шартнома мавжуд”, 151 нафар шартнома йўқ, яна 51 нафар шартнома бор-йўқлигини билмаслигини билдирган.

Шунингдек, 105 нафар иштирокчи (27,7 фоиз) асоссиз қарздорлик ҳисобланган ҳолатга дуч келганини қайд этган. Айрим ҳудудларда бу кўрсаткич анча юқори бўлиб, Қува шаҳрида эмас, Қува туманида 100 фоиз, Қувасой шаҳрида 98 фоиз, Бағдод туманида 100 фоиз даражасида қайд этилган.

Санитария ва экологик ҳолат

Чиқиндилар тўпланиши натижасида санитария муаммолари юзага келиши ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда. 133 нафар иштирокчи чиқиндилар атрофида пашша, кемирувчи ва бошқа санитария муаммолари борлигини билдирган.

Чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича имкониятлар эса жуда паст: 328 нафар (86,5 фоиз) алоҳида саралаш контейнерлари мавжуд эмаслигини, 273 нафар (72,0 фоиз) пластик, қоғоз ва шиша каби чиқиндиларни алоҳида топшириш имконияти йўқлигини билдирган.

Бу ҳолат чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини аҳоли яшаш ҳудудларида ривожлантириш зарурлигини кўрсатади.

Мурожаатлар ва муаммоларни бартараф этиш

Сўров иштирокчиларининг 128 нафари чиқинди ташиш хизмати бўйича шикоят қилган. Уларнинг 107 нафарига (83,6 фоиз) шикоят юзасидан жавоб берилган.

Бироқ мурожаатларга жавоб бериш билан муаммони амалда ҳал этиш ўртасида тафовут мавжуд. Шикоят қилганларнинг фақат 32 нафарида муаммо тўлиқ бартараф этилган, 63 нафарида қисман бартараф этилган, 33 нафарида эса муаммо ҳал этилмаган.

Бу кўрсаткич мурожаатларга формал жавоб беришдан ташқари, уларда кўтарилган муаммоларни амалда бартараф этиш механизмларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Аҳолининг умумий баҳоси

Чиқинди ташиш хизматидан қониқиш 5 баллик тизимда баҳоланган. 379 нафар иштирокчининг:

23 нафари — 1 балл;
9 нафари — 2 балл;
122 нафари — 3 балл;
154 нафари — 4 балл;
71 нафари — 5 балл берган.

Умумий ўртача баҳо 3,64 баллни ташкил этган.

Туман (шаҳар)лар кесимида энг юқори ўртача баҳо Фарғона шаҳрида — 5,0 балл, Бешариқ ва Марғилон шаҳрида — 4,4 баллдан қайд этилган. Энг паст кўрсаткич Қува туманида — 1,0 балл, Бағдод туманида — 3,0 балл, Олтиариқ туманида — 3,1 баллни ташкил этган.

Xulosa

Umuman, so‘rovnoma natijalari Farg‘ona viloyatida chiqindilarni to‘plash va olib ketish xizmatlarini tashkil etishda konteynerlar bilan ta’minlanganlik, ularning yetarliligi, chiqindilarni belgilangan grafik asosida va o‘z vaqtida olib ketish, shartnoma munosabatlari, asossiz qarzdorlik, sanitariya holati hamda murojaatlarning natijadorligi bo‘yicha hududlar kesimida turlicha muammolar mavjudligini ko‘rsatmoqda.

Ayniqsa, Quva, Quvasoy, Qo‘shtepa, Yozyovon, Toshloq, Rishton va Oltiariq hududlarida ayrim ko‘rsatkichlar bo‘yicha muammoli holatlar yuqori darajada qayd etilgan.

Shu munosabat bilan chiqindi konteynerlari soni va holatini qayta ko‘rib chiqish, olib chiqishning aniq grafigini aholiga ochiq ma’lum qilish, shartnoma munosabatlarini tartibga solish, asossiz qarzdorliklarni bartaraf etish, murojaatlar bo‘yicha amaliy natijadorlikni oshirish hamda chiqindilarni saralab yig‘ish imkoniyatlarini kengaytirish maqsadga muvofiq.

Post Comment