Қувасой шаҳрида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар сарҳисоб қилинди

Қувасой шаҳрида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ишлар сарҳисоб қилинди

Қувасой шаҳрида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамда таянч гуруҳлари фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда жамиятнинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти натижалари муҳокама қилиниб, ўтган даврда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилишда истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш, истеъмолчилик маданиятини юксалтириш ҳамда таянч гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, йиғилиш кун тартибида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмасининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, конференцияда иштирок этадиган делегатлар белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбир «Устозлар ва мураббийлар куни» арафасида ўтказилгани боис, йиғилиш нафақат ҳисобот ва ташкилий масалалар, балки истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатида фаол иштирок этиб келаётганларни эътироф этиш билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Тадбир якунида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш ва истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини ривожлантиришда муносиб иштирок этиб келаётган бир гуруҳ Федерация аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.

Бу каби эътирофлар жамоатчилик асосидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати фаолларини янада рағбатлантириш, уларнинг ташаббускорлигини ошириш ва жойлардаги ишларни самарали давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.

Post Comment