Йил давомида олиб борилган ишлар сарҳисоб қилинганда

Йил давомида олиб борилган ишлар сарҳисоб қилинганда

Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан 2019 йил мобайнида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг истеъмолчилик ҳуқуқий билим ва истеъмол маданиятини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Йил давомида туман жамиятига истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатлари юзасидан жами 87 та мурожаатлар келиб тушди. Ариза ва шикоятларнинг 54 таси ёзма ва 33 таси оғзаки ҳамда ишонч телефони орқали қабул қилинган мурожаатлардир. Ушбу мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 51 809 407 сўм қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди. Туманимиз фуқароларининг бизнинг ташкилотимизга мурожаатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан олинганда 12 фоизга ортганлиги аҳолимизнинг Федерация тизимларига ишончи ҳам ортиб бораётганлигини кўрсатиб бермоқда дейиш мумкин.
Туман жамияти қошида ташкил этилган “Ҳуқуқий маслаҳат маркази”га 143 нафар фуқаролар турли масалаларда маслаҳат сўраб мурожаат қилган бўлиб, уларнинг мурожаатларига тегишли мутахассислар томонидан бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, туман жамияти раисининг аҳоли билан мулоқоти кунлари доирасида туманда яшовчи 83 нафар фуқароларнинг истеъмолчилик соҳасига оид масалалари бўйича амалий ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди. Ўрганиб чиқишни талаб этувчи мурожаатларини амалдаги тартиб қоидалар асосида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этиб берилишига эришилди.
Федерациянинг ҳамкор ташкилотлар билан имзоланган чора-тадбирлар режаларига асосан аҳолининг ҳуқуқий билим ва истеъмол маданиятини янада юксалтириш юзасидан туманда фаолият олиб борувчи корхона, ташкилот, идора ва муассасаларда 84 та ўқув семинарлари ва 78 та давра суҳбатлари ўтказилиб, тадбирларда 4125 нафар истеъмолчилар иштирок этди.
Ҳисобот даврида, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича “Тохир-Бағдод” телевидениеси ва Фарғона радиоси билан яқиндан ҳамкорлик олиб борилди. Республика ва маҳаллий газета ва журналларда 100 дан ортиқ мақолалар берилди, Федерациянинг istemol.uz, ҳудудий бирлашманинг istemolchi-info.uz сайтларида 30 дан ортиқ тарғибот-ташвиқот материаллари чиқарилди. Бундан ташқари, туман жамиятининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 465 та ахборот материаллари тарқатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ – 3271-сонли қарори ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус”га асосан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳамда Бағдод туман ҳокимлиги ҳомийлигида “Истеъмолчилар кутубхонаси”ни ўз ичига олган “Истеъмолчилар уйи” қуриб битказилиб фойдаланишга топширилгани жамият мутасаддилари ва туман аҳолиси учун энг қувонарли воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки кутубхона маҳалланинг энг гавжум нуқтасида жойлашган бўлиб, тез орада ёшу қари учун бирдек хизмат қиладиган севимли масканга айланиб улгурди. Жамият ходимлари эса ўзларининг замонавий, ёруғ ва шинам хоналарида аҳоли мурожаатларини қабул қилишмоқда.
Туман жамияти ходимлари янги 2020 йил давомида ҳам соҳа ривожи ҳамда аҳолининг мушкулини осон этиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилишиб, бундан-да яхши натижаларга эришишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Марғубахон Олтибоева,
Бағдод туман жамияти матбуот
ва ахборот мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin