Тарки одат – амри маҳол…ми?

Тарки одат – амри маҳол…ми?

Қиш кунлари бошланиши билан кун давомийлиги қисқариб, сутканинг қоронғу вақти узайиши, қалин туман тушиши каби ҳолатлар чекка ҳудудлардан туман марказига ишга қатновчи аҳоли учун бир қадар ноқулайликларни келтириб чиқаради. Бу, албатта, табиий ҳолат. Лекин шундай муаммолар ҳам бўладики, биз ўзаро сўзлашувда улар ҳақида гапирганда “сунъий равишда” деган сўз билан аниқлик ҳам киритиб кетамиз. Шундай муаммоларнинг бири аҳолига йўналишли такси хизматларини кўрсатувчилар томонидан кеч тушиши билан йўл кира ҳақларини, ўзаро келишган ҳолда, бироз қимматлаштириб олишларидир. Афсуски, бу ҳолат айрим йўналишлардаги йўловчи ташувчиларнинг одатига ҳам айланиб улгурган. Қиш келди дегунча, уларнинг ҳам хурмача қилиқлари бошланади.
Туманимизнинг Самандарак маҳалласи аҳолиси ҳам шундай муаммодан азият чекиб келаётган эди. Маҳалла фаолларининг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишларига ҳам шу нарса сабаб бўлган.
Туман жамияти томонидан маҳалла аҳлининг мурожаатида кўрсатиб ўтилган важларни ўрганиб чиқиш ишларига туман ИИБ ЙХХБ ҳамда Транспорт вазирлигининг Қўқон шаҳар бўлими масъул ходимларини жалб қилинган ҳолда, хамкорликда қўшма рейд тадбирлари ўтказилди. Ўтказилган қўшма рейд тадбирлари давомида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган 21 нафар хайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 176 (прим 3)-моддаси ҳамда 165-моддаси асосида маъмурий байённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, мазкур тадбирда Бағдод тумани Самандарак-Бағдод йўналишларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган хайдовчиларга аҳолига сифатли автотранспорт хизмати кўрсатиш, фуқаролар билан ҳушмуомала бўлиш, йўл кира ҳақини сунъий равишда ўзбошимчалик билан оширишга йўл қўймасликлари, шунингдек йўловчи ташиш фаолияти билан тегишли тартибда лицензияга эга бўлган ҳолда, эрталабки кунлик тиббий ва техник кўрикдан ўтгандан сўнг йўловчи ташиш билан шуғулланиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда келгусида шундай ўзбошимчаликларга йўл қўймасликлари тўғрисида огоҳлантирилди.

МАРҒУБАХОН ОЛТИБОЕВА
Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот мутахассиси

(юқорида иллюстратив расм)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin