Сотувчининг мен танга пул олмайман дейишга ҳаққи борми?
Мамлакатимизнинг миллий валютаси бўлган “сўм” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги 870-сонли Фармонига мувофиқ 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб муомалага киритилган. Фармоннинг 4-банди иккинчи қисмига кўра, “Сўмлар” ва “Тийинлар” Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ҳамма жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча турдаги тўловларга, шунингдек банклар томонидан омонатларга ва ҳисобварақларига қўшиб қўйиш учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши мажбурийдир, деб белгилаб қўйилган. Бундан кўринадики, сотувчилар (хизмат кўрсатувчилар) истеъмолчилар томонидан тўловга тақдим қилинаётган миллий пулни ҳоҳ қоғоз пул (банкнота) кўринишида бўлсин, ҳоҳ танга кўринишида бўлсин, тўловга қабул қилиб олишлари шарт. Уларга тўловларни қоғоз пул ёки танга пул кўринишида қабул қилиб олиш бўйича танлаш ҳуқуқи берилмаган. Лекин шундай бўлсада орамизда “Мен танга пул олмайман”, деб харидорни ранжитувчи сотувчилар ҳам учраб қолар экан.
Федерацияга мурожаат қилган Бувайда туманида яшовчи фуқаро А.Жўрабоев ўзи яшаб турган ҳудуддаги савдо дўконлари сотувчилари томонидан 500 сўмлик тангани тўловга қабул қилмаётганликлари юзасидан шикоят қилди. Туман жамияти ходимлари томонидан мазкур ҳудудга ташриф буюрилиб, юқорида номи зикр этилган норматив ҳужжат, шунингдек амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди. Берилган тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган сотувчилар ушбу ҳолатни қайта такрорламаслигини билдириб, миллий пулимизнинг амалда муомалада бўлган банкнота ва тангаларини ҳеч қандай монеликларсиз тўловга қабул қилиб олишлари бўйича ваъда бердилар.
Мирзохид Нуралиев
Бувайда тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
(юқорида иллюстратив расм)
Post Comment