Ўттиз йиллик мижозга бўлган ҳурмат шуми?
Бекмурод кўчадан уйига кириб келар экан, турмуш ўртоғининг ҳар кунги ғалваси бошланди:
– Бугун ҳам телефонни тузатишгани келишмади, бориб айтганмидингиз ўзи?
– … ?
Аслида унгаям осонмас. Мана неча кунки, ҳамкасблари тушликка чиққан пайтда у телефон линиясидаги носозликни бартараф этиб беришларини сўраб алоқа бўлимига югуради. Бир неча марта мурожаат қилди. Ҳар сафар ёзиб қолишади, хўп дейишади. Бироқ натижа йўқ.
Тўловларни ойма-ой тўлаб бораётган, келгуси ойнинг ҳам тўловини олдиндан тўлаб қўйган бўлса… Шу кичкинагина носозликни наҳотки ташкилот масъуллари бартараф эта олмаса! Ахир шу ташкилотнинг 30 йиллик мижози бўлса! Буларни ташкилот ходимига тушунтира тушунтира ўзига ҳам бу сўзлар ёд бўлиб кетди.
“Бугун охирги кун, носозликни бартараф этишади”, – деб ваъда беришган эди. Тузатишмабди…
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти хизмат телефонига қўнғироқ қилган Бекмурод шулар ҳақида бир чеккадан сўзлаб берди. Амалий ёрдам кўрсатилишини сўради.
Жамият ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида муаммо шу куннинг ўзидаёқ ечимини топди. Алоқа бўлими ходимларига бундай камчиликларга келгусида йўл қўймасликлари ва ишларига янада масъулиятли бўлишлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Истеъмолчи Б.Холмирзаев халқни оғирини енгил қилувчи шундай ташкилот борлигидан хурсанд бўлиб, туман жамияти раҳбарларига ўзи ва оила аъзолари номидан миннатдорчилигини изхор қилди.
Марғубахон ОЛТИБОЕВА
Бағдод туман ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот мутахассиси
Post Comment