Федерация кенг жамоатчиликка чақириқ билан чиқди
Федерация мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврини амалдаги қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда, тартибли ўтказиб олиш учун хайр-саҳоватли бўлиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламига амалий ёрдамлар кўрсатиш борасида кенг жамоатчиликка чақириқ билан чиқди. Унда жумладан шундай дейилади:
“Ҳукуматимиз томонидан коронавирус тарқалишини олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳудудларда санитар-эпидимологик осойишталикни таъмилаш борасида олиб борилаётган тезкор чора-тадбирларга кўмаклашиш мақсадида, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан “Меҳр улашамиз” лойиҳаси ташкил этилган.
Лойиҳа доирасида, ички истеъмол бозорида озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари нархларининг асоссиз равишда ошиб кетмаслиги чораларини кўрилишида ваколатли давлат органларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Жамоатчилик назорати” ишчи гуруҳларига 600 нафар тажрибали мутахассислар жалб этилган.
Бугунги кунгача Федерациянинг ҳудудий тузилмалари томонидан аҳолига 241 минг дона тиббиёт ниқоблари, 6920 дона антисептик воситалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож 324 нафар оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди, шунингдек лойиҳа доирасида Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ходимларининг бир кунлик иш ҳақлари “Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди”га ўтказиб берилиб, бу эзгу ташаббус бутун Федерация тизимида давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тадбиркорлар, йирик компания ва жамғармалар, ташаббускор гуруҳлар, волонтёрлар, фаоллар ва ННТ вакилларини карантин даврида ёрдамга муҳтожлар (ёлғиз кексалар, ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар ва кам таъминланган оилалар)га кўмаклашиш ва коронавирусга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш йўлида ҳукуматга кўмаклашишга чақиради”.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment