Бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди

Бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди

 

Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг узоғини яқин қилиш, ҳудудда яшовчи кам таъминланган, якка-ёлғиз яшовчи фуқаролар ҳолидан хабар олиш мақсадида тумандаги Мирзахўжа МФЙда бўлдилар. Тадбир давомида маҳалла фуқаролар йиғини раиси К. Дўлтаев ҳамда кўча бошиларининг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларидаги, хусусан коммунал соҳа бўйича бир қатор саволларига батафсил жавоблар қайтарилди. Учрашув доирасида маҳалла раиси туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти билан келгусида олиб бориладиган ҳамкорлик масалаларида ўз фикрларини билдириб, шу қишлоқда якка-ёлғиз яшовчи М. Ғоюпованинг электр энергиясидан қарздорлиги юзасидан муаммоси борлигини, ана шу қарздорликни асосли ёки ассосиз эканлигига аниқлик киритилишига амалий ёрдам берилишини ҳам сўради.

Шундан сўнг М. Ғоюпова хонадонига ташриф буюрилиб, у киши билан юзма-юз суҳбатлашилди. У билан суҳбат асносида камҳаржлиги боис электр энергияси ҳаққини вақтида тўлай олмаганлиги, шундай бўлсада, маҳалладошлари имкон қадар электр энергияси ҳаққини тўлашга ёрдам беришганлиги маълум бўлди. Шу куннинг ўзида туман МИБга мурожаат қилиниб, фуқаронинг электр энергияси тўловлари бўйича қарздорлик-ҳақдорлик масаласига аниқлик киритиш сўралди ва қарздорлик тасдиғини топса хонадонга бу борада амалий ёрдам кўрсатиш режага киритилди.

Наргизахон ШЕРАЛИЕВА,

Учкўприк тумани ИҲҲҚЖ матбуот ва ахборот бўйича мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin