Уста ўзи томонидан қўйилган эҳтиёт қисмнинг сифатига жавоб бермасмиш!?

Уста ўзи томонидан қўйилган эҳтиёт қисмнинг сифатига жавоб бермасмиш!?

Ёзёвон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан амалдаги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари, Федерация Устави билан белгилаб берилган вазифалар  ижросини таъминлаш борасида тизимли асосда ишлар олиб борилмоқда. Туман жамиятига фуқаролар истеъмолчилик соҳасига оид турли масалаларда ёзма, оғзаки ва электрон шаклда мурожаат қилишлари мумкин. Келинг, туман жамиятига истеъмолчилардан ўз шахсий автомобилларини эксплуатация қилиш жараёнида юзага келган муаммолар юзасидан жорий йил бошидан буён ўтган давр ичида келиб тушган иккита мурожаат ва уларни ўрганиб чиқилиши натижалари билан танишайлик.

Мазкур туманда истиқомат қилувчи Ш.К. туман жамиятига якка тартибдаги тадбиркор У.Н.Ж. (тадбиркор фамилия, исми, шарифи бош ҳарфлари) томонидан кўрсатилган хизматдан норози бўлиб ёзма равишда мурожаат қилган.

Мурожаатни ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчи юқоридаги тадбиркорга қарашли устахонага ўз автомашинасига метан газ мосламасини ўрнатиш учун буюртма берган. Ўша кунни ўзида автомашинага умумий қиймати 2 600 000 (икки миллион олти юз минг) сўмга 100 литр сиғимли метан газ мосламаси ўрнатиб берилган. Лекин автомашина эгаси томонидан мазкур мосламадан фойдаланиш жараёнида унинг талаб даражасида ишламаётганлиги кузатилган. Шундан сўнг у мазкур устахонага ушбу масалада мурожаат қилганида, усталардан “Биз ишимизга кафолат берамиз, баллонга эса бермаймиз”, деган мужмал жавобни олган. Камига уста унга яна янги баллон қўйиш учун 2 500 000 (икки милион беш юз минг) сўм олишини маълум қилган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида хизмат кўрсатувчиларга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун тарғиботи қилиниб, истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчининг ҳуқуқ ва мажбурятлари тушунтирилди ва сифатсиз баллонни мақбул сифатдагисига алмаштирилишига эришилди.

Ёзёвонлик яна бир истеъмолчи А.В. шу туманда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор М.Х.Р.га (тадбиркор фамилия, исми, шарифи бош ҳарфлари) қарашли устахона томонидан кўрсатилган хизматнинг сифатсизлигидан шикоят қилиб ёзма равишда мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, у устахонага ўзининг шахсий автомобили мотор қисмини таъмирлатиш учун топширган. Таъмирлаш ишлари тугатилиб, автомашина истеъмолчи томонидан қабул қилиб олингач, орадан 10 кун ўтар-ўтмасдан автомашина мотор қисмида яна муаммолар чиққан. Истеъмолчи устахонага келиб, таъмирлаш ишларини қайтадан ўтказилишини ёки пули қайтарилишини талаб қилган. Усталар унинг талабларига жавобан ҳозирда аксарият эҳтиёт қисмлар сифатсизлигини, талаб даражасида таъмирлаш ва бошқа эҳтиёт қисмлар қўйишлари учун яна пул тўлаши лозимлигини айтиб, истеъмолчининг талабини бажармаганлар.

Ўрганиш ишлари жараёнида амалдаги қонун талаблари, унга кўра истеъмолчи ҳуқуқлари ва хизмат кўрсатувчи мажбурятлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг устахона 3 кун ичида автомашинани қайта таъмирлашни ўз зиммасига олди.

Эслатма: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 17-моддасига кўра, агар ижрочи ишни бажаришда жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи кафолат муддати давомида, кафолат муддати бўлмаган тақдирда эса, иш (хизмат) қабул қилиб олинган кундан эътиборан олти ой давомида нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Рахматилло Шодмонов

Ёзевон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin