Янги таҳрирдаги Конституция: инсон шаъни ва ҳуқуқларини юксалтирувчи мустаҳкам пойдевор

Янги таҳрирдаги Конституция: инсон шаъни ва ҳуқуқларини юксалтирувчи мустаҳкам пойдевор

Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида қабул қилинган Конституциянинг янги таҳрири мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар сари дадил қадам ташланганини яққол намоён этади. Президент Шавкат Мирзиёев 2023-йил 16-ноябр куни имзолаган фармойишда қайд этилганидек, янгиланган Бош қомус давлат бошқаруви, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ соҳаси ва фуқаролик жамияти ривожи учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

2023-йил 30-апрел референдумида фуқароларнинг 90 фоиздан ортиғи янги таҳрирдаги Конституцияни қўллаб-қувватлаши эса халқимизнинг ишончи ва янгиланаётган давлат сиёсатига бўлган муносабатини яққол кўрсатди. Асосий Қонун эндиликда халқимизнинг орзу-умидлари, демократик ривожланиш истаклари ва инсон қадрини устувор қўйиш ғояларининг ҳуқуқий ифодасига айланди.

1992-йилда Конституция парламент томонидан қабул қилинган бўлса, янги таҳрирнинг халқ томонидан бевосита референдум орқали қабул қилиниши унинг чинакам муаллифи халқ эканини тасдиқлайди. 7-модданинг биринчи бандида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” экани мустаҳкамланди.

Бу норма давлат органларининг фаолияти халққа хизмат қилиш тамойилига асосланишини, қарорлар эса фуқаролар иштирокида ва жамоатчилик назорати остида қабул қилинишини талаб этади. Мамлакатда очиқлик, ҳисобдорлик, сўз эркинлиги, сиёсий партиялар ва ОАВнинг ролини кучайтириш борасида сўнгги йилларда кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётганининг ҳуқуқий пойдевори айнан мана шу тамойил билан боғлиқ.

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ҳокимиятининг халқ манфаатидан келиб чиқиб амалга оширилиши қатъий белгиланди. Шунингдек, фақат Конституция ва қонунларда назарда тутилган органларгина давлат ваколатларини амалга ошириши мумкинлиги аниқ кўрсатилди.

10-модда эса халқ номидан фақат сайланган Олий Мажлис ва Президент иш юрита олишини белгилаб, ҳокимият суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик учун мустаҳкам кафолат яратади. Бу ҳуқуқий механизмлар Ўзбекистонда демократиянинг фундаментал тамойиллари ҳаётга татбиқ этилаётганини англатади.

Конституцияда давлат ҳокимиятининг ноқонуний эгалланиши, параллел ҳокимият тузилмаларининг ташкил этилиши қатъиян ман этилди. Бу тартиб демократик тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди.

“Конституция ва қонунлар устунлиги” тамойили асосида барча давлат органлари фақат қонунларга амал қилиши шарт экани қайд этилди. Натижада, инсоннинг сиёсий эркинлиги, демократик институтлар фаолияти, фуқаролик жамияти ривожи учун янги кенг имкониятлар яратилди.

Конституциянинг янги таҳрири инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этади. “Давлат — жамият — шахс” тамойили ўрнига “Инсон — жамият — давлат” концепсияси жорий қилинди.

Шахснинг ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини кенгайтиришга қаратилган нормалар уч баравар кўпайди, давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари эса аниқ белгилаб қўйилди. Инсон капитали, тиббиёт, таълим, экология, ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳалари давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамланди.

Конституциянинг янги таҳририда экологик хавфсизлик алоҳида ўрин эгаллади. 49 ва 115-моддаларда ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқи, давлатнинг экологик тизимни тиклаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича жавобгарлиги белгиланди.

Бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг экологик барқарор тараққиётни устувор вазифа сифатида кўраётганини кўрсатади.

Конституция халқимизнинг уч минг йиллик давлатчилик тажрибаси, буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан уйғунлаштирилган.

Адолат, бағрикенглик, ор-номус, олижаноблик каби миллий фазилатлар Бош қомуснинг маънавий тамойилларини бойитади.

Ўзбекистон бугун 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларда фаол иштирок этмоқда, 140 дан зиёд давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Янги ташқи сиёсат модели прагматизм, ўзаро манфаат, тинчлик ва ҳамкорликка асосланади.

Ўзбекистоннинг БМТ минбарида илгари сурган 30 дан ортиқ ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Бу мамлакатнинг глобал жараёнлардаги фаол ўрнидан далолат беради.

Конституциянинг 1, 15 ва 16-моддаларига кўра, янги таҳрир – бутун ҳудудда олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри қўлланади, ягона ҳуқуқий маконнинг асосидир. Бу янгиликлар судлар ва давлат органлари фаолиятида Конституция нормалари бевосита Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон шаъни ва қадр-қимматини олий қадрият сифатида эътироф этади, демократик, ижтимоий ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворини яратади, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Асосий Қонун — бугунги ва келажак авлодлар учун ишончли хизмат қилишига ишончимиз комил.

Қ. Пулатов, Фарғона давлат университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
А. Нишонов, Фарғона давлат университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin