Қувада аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ишларида узилишлар ҳануз мавжуд

Қувада аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ишларида узилишлар ҳануз мавжуд

Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътиборга молик, чунки уларнинг ортида реал ҳаёт, кундалик эҳтиёж ва хизмат кўрсатиш сифатига бўлган талаб туради. Қува тумани Саноатчилар маҳалласида 70 кундан буён суюлтирилган газ баллони ололмаган Д. У.нинг норозилиги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти эътиборидан четда қолмади. Унинг Федерация 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилганда суюлтирилган газ таъминоти масалаларида жиддий камчиликлар мавжудлиги, газ таъминоти ташкилоти аҳолига суюлтирилган газ тарқатиш бўйича ишлаб чиқилган ойлик графикка тўла риоя қилмаганлиги қайд қилинди.

Қонунчилик билан мустаҳкамланган тартиб мавжуд бўлса-да, айрим маҳаллалар, жумладан Саноатчилар маҳалласидаги истеъмолчилар белгиланган вақтда суюлтирилган углеводород гази билан таъминламаган. Бу эса нафақат истеъмолчиларга яратилган қулайликнинг чекланиши, балки давлат хизматларига нисбатан ишончнинг пасайишига олиб келадиган ҳолатдир.

Ўрганиш чоғида газ таъминоти ташкилоти мутасаддиларига амалдаги қонунчилик бўйича тушунтиришлар берилди. Уларга бундай ҳолатларни такрорламаслик, графикка қатъий амал қилиш ҳамда шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажариш зарурлиги уқтирилди.

Юқоридаги ҳолат истеъмолчи мурожаати фақатгина ахборот манбаи эмас, балки тизимдаги ички муаммоларни аниқловчи нишон эканлигини, газ таъминоти тармоғида назоратни кучайтириш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ва истеъмолчи манфаатини устувор қўйиш зарурлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Адхамжон Хамидов,
туман жамияти раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin