Товар Хитойники бўлса унда кафолат муддати бўлмайдими?

Товар Хитойники бўлса унда кафолат муддати бўлмайдими?

Фарғона шаҳрининг Қиргули даҳасида яшовчи Э.Хайдукова вилоят ҳудудий бирлашмасининг “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхонасига мурожаат қилар экан:

– Мени асосий мақсадим маслаҳат олиш. Бир кичкинагина муаммо бор, шу бўйича менга тушунтириш берсангиз. Тўғриси юзага келган ҳолатни муаммо сифатида кўтариб, шуни ўрганиб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатинг дейишга ҳам ийманаман, – деди.

Суҳбатдан маълум бўлишича, у ўзи яшаб турган ҳудуддаги хўжалик моллари дўкони сотувчиси Баходир исмли шахсдан 30 минг сўмга фонар (ёритгич) сотиб олади. Мазкур буюмга қизиқиб қолишига сабаб эса, одатдаги фонарларга батарейка қўйиш, уни вақти-вақти билан алмаштириб туриш керак, буни эса батарейкаси бўлмасдан, электр токидан зарядлаб олиб ишлатаверар экансиз. Қисқаси, у ушбу буюмни олиб бир ҳафта ҳам ишлатмаган, сотувчига бу ҳақда айтса, таънаю маломат эшитган. Сотувчининг асосий важи эса товарнинг Хитойда ишлаб чиқарилганлигию, унда кафолат муддати йўқлиги бўлган.

Лекин амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни, истеъмолчининг ҳуқуқлари товарнинг қаерда ва қандай ҳолатда ишлаб чиқарилганига қараб кафолатламайди. Истеъмолчи мамлакатимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган ҳар қандай товар (иш, хизмат)ни сотиб олиш ва ундан фойдаланиш жараёнида қонунда белгиланган ҳуқуқларини эмин-эркин рўёбга чиқара олади. Хусусан, қонуннинг 13-моддасига кўра, агар истеъмолчи томонидан сотиб олинган товарда нуқсонлар аниқланса, у кафолат муддати ичида, кафолати муддати белгиланмаган товарлар бўйича эса олти ой муддат ичида ушбу товарни алмаштириб олиш, бепул таъмирлатиш, шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қоплатиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларини талаб қила олади.

Тўғри, Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари саъй-ҳааркатлари билан истеъмолчи Э.Хайдуковага сотилган нуқсонли товар учун тўланган пул сотувчидан қайтариб олиб берилди, лекин мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарларни, шунингдек импорт товарларни сотаётган бошқа сотувчилар ҳам юқоридаги ҳолатдан тўғри хулосаларни чиқариб олсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шермурод Охунов

Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin