Қайтимни биз олмаяпмизми ёки беришмаяптими?
Савдо дўконларида олди-сотди амалга оширилгач, бизга майда пулни қайтим сифатида бериш ўрнига турли маҳсулотлар, дорихоналарда таблеткалар берилиши истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини поймол этилаётганлигидан дарак эмасми?
Сир эмас, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида олди-сотди муомаласини амалга ошириш жараёнида қайтим берилиши билан боғлиқ турли муаммоларга дуч келаяпмиз. Баъзида истасак истамасак дўконларда қайтим ўрнига гугурт, сақич, қурут ёки дорихоналарда турли таблеткалар берилиши сотувчиларга одат тусига кириб қолгандек, гўё. Сотувчилар бу ҳолатга шу қадар ўрганиб қолишдики, буни ҳатто истеъмолчиларга нисбатан қонун бузилиши ҳолати эканини ўйлаб ҳам қўйишмаяпти.
Тошлоқ тумани марказида бу каби ҳолатлар қай даражадалигини, тадбиркор ва истеъмолчи ўртасида келиб чиқаётган муаммоларнинг асл сабаби нимада эканлигини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўровнома ва ўрганиш ишлари ўтказилди. Танлов асосида туман марказидаги савдо дўконлари ва дорихоналар ўрганилганда, ҳақиқатан ҳам минг сўмгача қайтим берилиши лозим бўлган ҳолатда майда пул ўрнига турли товарларни ўтказиш ҳолатларини гувоҳи бўлдик. Бунинг сабабини сўраганимизда, баъзи тадбиркорлар қайтим учун танга пулларнинг йўқлигини рўкач қилишган бўлса, бошқалари ҳаридорларнинг ўзлари танга пул ўрнига арзон маҳсулотлардан олиш истагида эканликларини таъкидлашди. Уларга нима бўлганда ҳам, биринчи галда истеъмолчи қўлига қайтим тақдим қилиниши, у мабодо уни рад этиб, ўрнига маҳсулот олиш истагини билдирганидагина, қайтимга тенг эквивалентдаги бошқа маҳсулот берилиши мумкинлиги уқтирилди.
Энг ачинарлиси, дорихоналарда қайтим ўрнига ҳеч қандай ёзуви йўқ, қандай дори эканини, яроқлилик муддати қачонгача эканини билиб бўлмайдиган турли таблеткалар бериш ҳолатлари ҳам учраб қолаяптики, бу инсон ҳаёти ва соғлиги учун хавф туғдириши мумкинлиги бизни хавотирлантирмоқда. Шу боисдан ҳам, ўрганиш доирасида дорихоналар мутассаддиларига бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, ҳушёр бўлиш зарур эканлиги тушунтирилди.
Ижтимоий сўровномада иштирок этган туманимиз фуқароларининг айримлари 500 сўмгача бўлган банкноталарнинг муомаладан чиқарилганлигини, майда қийматдаги танга пулларнинг муомалада эканидан эса бехабар эканликларини айтишди. Баъзи истеъмолчиларимиз қайтимга гугурт олиш афзалроқ, деб ҳисоблайди. Нима бўлганда ҳам, сўровномада иштирок этган респондентларимизга, йўл-йўлакай, олди-сотди муносабатларидаги ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўғри англаб олишлари, қонуний ҳақларини талаб қилиб олишлари борасида тушунтиришлар бериб кетилди.
Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment