Истеъмолчиларнинг ҳар бир мурожаати эътиборда

Истеъмолчиларнинг ҳар бир мурожаати эътиборда

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлаб берилишининг энг муҳим омилларидан биридир. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 35-моддасида буни алоҳида норма сифатида белгилаб қўйилганлиги эса фикримизнинг исботидир. Унга кўра, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Лекин амалиётда фуқаролар мурожаатларининг муайян қисмини бирламчи, қуйи бўғинда ҳал қилиш имкони бўлган, фуқаронинг келажакда бошқа идора ва муассасаларнинг эшигини қоқиб, умрини ва вақтини беҳуда сарфлаб юришини ҳожати бўлмаган мурожаатлар ҳам ташкил этади. Бунинг учун эса фуқародан ҳам, унга хизмат кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектнинг вакилидан ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри англаб олиш, қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш талаб этилади, холос.

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Туркия давлатида ишлаб чиқарилган аёллар кўйлагини 1200000 (бир миллион икки юз минг) сўмга сотиб олган фуқаро Н.Хайдаровадан шикоят аризаси келиб тушди. Мурожаатда ёзилишича, Н.Хайдарова Марғилон шаҳридаги дўконларнинг биридан импорт кўйлакни синглиси учун сотиб олган. Лекин сингилнинг оила аъзоларига кўйлакнинг ранги ва бичими маъқул келмаган. Олди-сотди амалга оширилган куннинг эртасига Н.Хайдарова кўйлакни сотувчига қайтариб олиб келиб, кўйлакни бошқасига алмаштириб беришни сурайди, сотувчи эса турли арзимас баҳона ва сабаблар билан унинг ушбу талабини бажармайди. Шундан сўнг у Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 28-бандига кўра, харидорнинг товарни алмаштириш ёхуд қайтариш тўғрисидаги талаби, агар товар истеъмол қилинмаган бўлса, унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, плобмаси, ёрлиқлари сақланган бўлса, шунингдек ушбу сотувчидан сотиб олинганининг исботи мавжуд бўлса қондирилиши керак. Бироқ зарур сифатга эга бўлган, қайтарилмайдиган ёки ноозиқ-овқат товарлари рўйхатида кўрсатилган, ана шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, ранг ёки комплектациядаги бошқа товарга (мазкур Қоидаларнинг 1-иловаси) алмаштирилиши мумкин бўлмаган товарлар бундан мустаснодир. Бундай товарлар тўғрисида эса истеъмолчиларга олди-сотди жараёнида тўлиқ маълумот берилиши лозим. Маълумотнинг умуман берилмаганлиги ёки тўлиқ берилмаганлиги ҳолатларида эса истеъмолчиларда шу турдаги товарларни ҳам алмаштириб олиш ҳуқуқини вужудга келтиради.

Шаҳар жамияти ходимлари томонидан юқоридаги ҳолатлар бўйича сотувчига тушунтиришлар берилди. Бунинг натижасида эса истеъмолчи шу дўкондан кўйлакни бошқасига алмаштириб олди.

Аъзамхон Махаммадиев

Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin