Пуркагич носоз чиқди
Наманган туманида яшовчи Мўйдин Қосимов (исм, фамилияси ўзгартирилган) савдо-сотиқ ишлари билан Қўқон шаҳридаги бозорга келаркан, йўл-йўлакай Учкўприк туманидаги савдо дўконларидан бирида сотилаётган ўсимликларга кимёвий ишлов беришга мўлжалланган ярим механик моторли пуркагични кўриб, сотувчи билан савдолашиш асносида уни 260 000 сўмга сотиб олди.
Боғбон бўлганлиги боис хўжалик ишларида зарур ускуна сотиб олганидан хурсанд ҳолда уйига келиб пуркагични ишлатиб кўргач эса Мўйдин аканинг ҳафсаласи пир бўлган. Сабаби буюмда бирор нуқсон бўлса керакки, у яхши ишламаётган эди. Шунда қўшниси Собир амаки:
– Э-э-эҳ Мўйдинжон, шу пулингга озгина қўшганингда чет элда ишлаб чиқарилганидан олардинг, ҳали ҳам кеч эмас. Масофа узоқ бўлса ҳам вақт ўтказмай дўконга қайтариб ташлаб кел, – дея маслаҳат беради.
Истеъмолчи орадан 4 кун ўтиб Учкўприкдаги савдо дўконига келади ва пуркагичдаги нуқсон борасида ўзининг эътирозларини билдиради. Энди уни сотувчининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган техника буюмлари ҳам хорижда ишлаб чиқарилган аналоглари бажарадиган вазифани бажариши, аппаратдаги нуқсонни эса бепул бартараф этиб бериши ёки бошқасига алмаштириб бериши тўғрисидаги мулоҳаза ва таклифлари қизиқтирмас, хаёлини фақат пулини қайтариб олишу, озгина қўшиб бўлсада пишиқ-пухта хориж техникасини сотиб олиш эгаллаб олган эди. Шу сабабдан “Менга пулимни қайтаринг”, – деб туриб олди. Сотувчини эса харидорга пулни қайтариш варианти қониқтирмас эди. Шундан сўнг истеъмолчи мазкур масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Келиша олмаётган томонлар олдига етиб келган туман жамияти мутахассислари сотувчи ва харидорга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тегишли моддалари мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар беришди. Тушунтиришлардан сўнг харидорга 260 000 сўм миқдоридаги нақд пулни қайтарган сотувчи, истеъмолчининг қонун 13-моддасида кўрсатилган ҳуқуқини рўёбга чиқара олишига имконият яратиб берди.
Мурожаати ижобий ҳал бўлганидан хурсанд бўлган истеъмолчи соҳа ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment