Муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилди

Муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилди

Катта-катта ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш линияларидан бир кунда юзлаб, минглаб маҳсулотлар ўтади. Маҳсулот тайёр бўлиш жараёнида ва тайёр бўлгач, танлов асосида уларнинг ичидан бир нечаси корхонанинг ўзида синов текширишларидан ҳам ўтказилади.

Лекин ана шу маҳсулотларнинг ичида битта-яримта ўз вазифасини тўлақонли бажара олмайдиган, брак маҳсулот ҳам ўтиб кетиши табиий ҳол. Ушбу маҳсулот эса савдо нуқталари орқали айланиб-айланиб қайсидир истеъмолчининг қўлига келиб тушади. Истеъмолчида эса ўз-ўзидан эътироз келиб чиқади. Ана шу охирги жараёндан бошлаб ривожланган давлатлар ва айрим ривожланиш босқичида турган давлатлар ўртасида битта жиддий фарқ кузатилади. Яъни ривожланган давлатда истеъмолчида бундай ҳақли эътироз келиб чиқса, ишлаб чиқарувчи ҳам, сотувчи ҳам ушбу ҳолатни тўғри қабул қилиб, маҳсулотдаги бракни тан олиб, юзага келган низоли ҳолатни тезроқ бартараф этиш, нуқсонли товарни алмаштириш ёки пулини қайтариш, қўйингки истеъмолчининг мазкур ишлаб чиқарувчи корхона маҳсулотидан кўнгли қолмаслиги чораларини кўради. Иккинчи тоифадаги давлатларда эса бундай ҳолатда нуқсоннинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бир четда қолиб, истеъмолчидан нуқсон қидириш, уни ўзини айблашга интилиш ва иложи борича нуқсонни келиб чиқишини унга олиб бориб тақашга интиладилар. Қизиғи, бундай ҳолларда, сотувчилар ҳам худдики мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарилиши жараёнида бошидан охирига қадар устида турган одамдай тўлиқ ишлаб чиқарувчи томонига ўтиб оладилар. Натижада нафақат истеъмолчига, охир оқибат ана шу ишлаб чиқарувчининг ўзига катта зиён етади. Сабаби одамларнинг мазкур ишлаб чиқарувчи маҳсулотларидан кўнгли қолиб, унинг маҳсулотларини сотиб олмай қўядилар. Маҳсулоти сотилмаган ёки яхши сотилмаган ишлаб чиқарувчининг эса келажаги йўқ. Афсуски, буни барча ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам ўз вақтида англаб етмайдилар.

Юқорида билдирилган фикрларга тўла мос келадиган ҳолат бўлмасада, битта мисол келтириб ўтсам. Бағдод тумани Юксалиш маҳалласида яшовчи истеъмолчи Н. Хожиматова туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаати ўрганилди. Мурожаатда у туман марказида жойлашган “Техномарт” кредит савдо дўконидан овқат пишириш учун мўлжалланган гранит асосли “МЕЧТА” қозонини нақд пулга сотиб олганлиги, қозондан фойдаланиш жараёнида тайёрланган овқатларда қандайдир номаълум ёқимсиз таъм вужудга келаётганлиги, қозон қопқоғининг иссиқликни тўлақонли ушлаб турмаслиги каби ҳолатлардан норози бўлиб, товарни сотувчига қайтариш бўйича ҳаракатлари самара бермаётганлигидан шикоят қилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчи мазкур савдо дўконидан маҳсулотни 217 000 (икки юз ўн етти минг) сўм нақд пулга сотиб олганлиги, орадан 6 кун ўтгандан сўнг маҳсулотни савдо дўконига қайтариб олиб келганлиги ва нуқсонлари борлиги бўйича эътироз билдирилган маҳсулот сотувчи томонидан қайтариб олинган бўлсада, сотувчи уни алмаштириш ёки истеъмолчининг пулини қайтариш чораларини кўрмаганлиги маълум бўлди. Ўрганиш давомида томонларга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тегишли моддалари асосида тушунтиришлар олиб борилди. Хусусан сотувчига, қонуннинг 14-моддасига кўра сотувчи  нуқсонли товарни етти кунлик муддатда, унинг сифатини қўшимча равишда текшириш зарурати бўлганда эса йигирма кун ичида алмаштириш чораларини кўрмаса, ушбу муддатлардан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида пеня (неустойка) тўлашига тўғри келиши, истеъмолчининг нуқсонли товарни алмаштириш, бепул таъмирлаш каби қонуний талабларини бажармаслик қонуннинг 16-моддасига асосан моддий зарар ва маънавий зиён ундирилишига сабаб бўлиши каби ҳолатлар атрофлича тушунтирилди. Натижада муаммо шу куннинг ўзида ҳал этилиб, истеъмолчига 217 000 (икки юз ўн етти минг) сўм пули қайтарилди.

– Мен қозон сифатсиз эканлигини билгач уни савдо дўконига қайтариб олиб бордим. Аммо у ердаги ходимлар қозоннинг сифатсизлигини билсаларда, уни алмаштириш ёки пулимни қайтаришдан бош тортдилар. Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аралашуви билан муаммо осонгина ҳал этилди. Мен туман жамияти ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман ва чуқур ҳурматимни изхор қиламан, – дейди истеъмолчи мурожаати юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижадан хурсанд бўлган ҳолда туман жамиятига берган миннатдорчилик хатида.

  

  Дилором Мирзаева

Бағдод туман  ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin