Сотувчи хатоси бартараф этилди ва истеъмолчининг пули қайтарилди

Сотувчи хатоси бартараф этилди ва истеъмолчининг пули қайтарилди

Ёзёвон туманида яшовчи Б.И.нинг фарзандига харид қилинган спорт оёқ кийими ўлчами мос келмагани сабабли сотувчидан уни бошқасига алмаштириб ололмаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 12 апрел куни Б. И. туман ҳудудида сотувчилик фаолиятини олиб бораётган Д.У. дан фарзанди учун 120 000 сўмга спорт оёқ кийими харид қилган, бироқ оёқ кийими кичик келганлиги сабабли сотувчига қайтаришга ҳаракат қилган. Сотувчи томонидан эса сотувда худди шу турдаги оёқ кийимидан бошқа йўқлиги важ қилиб кўрсатилиб, алмаштириш талабига рад жавоби берилган. Амалдаги қонунчиликка кўра бундай ҳолатларда, яъни мақбул сифатдаги товарни бирор истеъмол хусусияти (ранги, ўлчами, фасони ва б.) мос келмагани ортидан товар сотувчига қайтарилганда, сотувда бошқа бундай товар бўлмаган ҳолатларда истеъмолчига пули қайтарилади.

Мазкур ҳолат юзасидан туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш жараёнида сотувчига амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари тушунтирилиб, истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди. Натижада сотувчи ўз хатосини тўлиқ тан олди. Товарнинг тегишли ўлчами мавжуд эмаслиги сабабли истеъмолчига 120 000 сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди.

Шу тариқа, мурожаатда кўтарилган муаммо ижобий ҳал этилди ва истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари тикланди. Бу каби ҳолатлар истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилиши орқали муаммоларни қонуний ҳал этиш мумкинлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment