Мутахассислар аралашуви билан муаммо ечим топди
Олтиариқлик С.Ортиқов (исм-фамилияси ўзгартирилган) пишиқчилик мавсумидан унумли фойдаланган ҳолда шириндан-шакар мева-сабзавотларимиздан салқин ичимликлар, консерваланган сок ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаб оила аьзолари ҳамроҳлигида истеьмол қилиш учун мультиварка сотиб олган. Лекин оила аъзоларининг бу борадаги қувончи узоққа чўзилмаган.
С.Ортиқовнинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатида баён қилинишича, у шу йилнинг июль ойи бошида туман марказида маиший техникалар сотиш фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркордан 870000 (саккиз юз етмиш минг) сўмга мультиварка сотиб олади ва хонадонига келтириб фойдаланишни бошлайди. Лекин фалон сўмлик мультиварка бир-икки кундаёқ яроқсиз ҳолга келади. У дарҳол нуқсонли товарни савдо дўконига олиб келиб, сотувчига ҳолатни тушунтиради ва мультиваркани бепул таъмирлаб берилишини, акс ҳолда пули қайтарилишини талаб қилади. Лекин сотувчидан рад жавоби олади.
Масалага туман жамияти мутахассисларининг аралашуви билан эса юқоридаги муаммони қонуний бартараф этилишига эришилди. Яъни сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тегишли моддалари бўйича тушунтиришлар берилгач, фойдаланиш жараёнида нуқсони аниқланган мультиварка сотувчи томонидан қайтариб олиниб, истеъмолчига пул маблағи қайтариб берилди. Истеъмолчи мурожати ижобий ҳал этилганлиги учун туман жамияти ходимларига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment