Ўрнатишдаги жиддий нуқсонлар сабаб янгигина эшик ва ромларга зарар етди
Олтиариқ тумани Гулистон маҳалласида яшовчи хонадонига ўрнатилган АКФА эшик ромлари билан боғлиқ муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига мурожаат қилган. Мурожаат эса тегишлилиги бўйича Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, масалани истеъмолчи фойдасига ҳал қилишга эришилди.
– Биз янги қурилган хонадонимизга АКФА эшик ромларини ўрнатиб бериши учун якка тартибдаги тадбиркор И.Олимжоновга 11 000 000 (ўн бир миллион) сўм пул бергандик. Лекин унинг томонидан ўрнатилган эшик ромлар талаб даражасида ўрнатилмаганлиги боис турли муаммолар келиб чиқди. Лекин у шу кунга қадар камчиликларни бартараф этмасдан келмоқда. Натижада биз янги қурилган хонадонга кўчиб чиқа олмаяпмиз, – дейди О.Тусматова ўз мурожаатида.
Туман жамияти ходимлари мурожаатни ўрганиш ва ҳолатни жойида кўриб чиқиш учун истеъмолчига учрашганларида ҳақиқатда янги қурилаётган хонадонга ўрнатилган эшик ромларнинг ҳудудда 20-21 январь кунларида кузатилган қаттиқ шамолдан сўнг ўрнидан кўчиб, бир қисми носоз ҳолатга келганлигига гувоҳ бўлдилар.
Шундан сўнг бу борадаги амалдаги қонунчилик талаблари билан якка тартибдаги тадбиркорга мурожаат қилинди ҳамда юзага келган ҳолат бўйича амалдаги қонуннинг талаблари тушунтирилди.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида, ижрочи ишда (хизматда) жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган.
Ушбу талаблардан тўғри хулоса чиқарган ижрочи ўрганиш ишлари доирасида камчиликларни тўлиқ бартараф этиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларни тўлиқ адо этди.
– Ушбу мурожаатимдан сўнг ромлар бошқа қўйиб берилди, чала қолган ишлар ниҳоясига етказилди. Мурожаатим бўйича бошқа эътирозларим йўқ, аризамни ҳаракатдан тўхтатишларингни сўрайман, – дейди истеъмолчи ўрганиш натижалари бўйича туман жамиятига берган миннатдорчилик хатида.
Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment