Битта сифатсиз лампочкани алмаштириб бериш билан боғлиқ машмашалар ортидаги ўйлар
Қўқон шаҳрида яшовчи истеъмолчи И. А. “Қўқон савдо комплекси” МЧЖ ҳудудида жойлашган 88-савдо дўконидан икки йиллик кафолат муддати билан сотиб олган “LED” энергия тежамкор лампочкаси ишлаб чиқарувчи томонидан берилган кафиллик муддати тугашига 2 ой қолганда куйиб қолгач, масалани ўз кучи билан ҳал қилишга уриниб кўрган.
Истеъмолчи маҳсулот қадоғида ёзилган рақамга бир неча бор қўнғироқ қилган, лекин гўшакнинг у томонидан “Бошқа жойга тушиб қолдингиз”, деган жавоб олаверган. Бундан жаҳли чиққан истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига мурожаат қилиб, ушбу масалада ўз шикоятини қолдирган.
Тўғри, Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари аралашуви билан сотувчи лампочкани бошқа сифатлисига алмаштириб берди. Лекин шу ўринда бир савол туғилади. Нега энди ишлаб чиқарувчи томонидан кафолат берилган товар, кафолат муддати ичида истеъмолчига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли, ишдан чиқса ёки унда бирор нуқсон аниқланса, амалдаги қонун талабларидан келиб чиқиб, алмаштириб бериш ўрнига, фуқарони овораю сарсон бўлишига сабаб бўлиши керак? Сотувчилар бундай ҳолатларда, худдики товарни ўзлари ишлаб чиқариб сотаётгандек, ишлаб чиқарувчи томонига ўтиб олиб, истеъмолчини ўзини айблашга уринишлари қанчалик тўғри?
Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқарувчилар ўртасида кескин рақобат кузатилади. Бу рақобат курашида битта ишлаб чиқарувчи иккинчи бир ишлаб чиқарувчи устидан ғолиб келиш, бозорда ўз товарларини кўпроқ сотилишига эришиш мақсадида истеъмолчиларга турли рағбатлантиришларни, қулайлик ва енгилликларни таклиф қилади. Шулардан бири, товарга белгиланадиган кафолат муддатидир.
Шу ўринда, кафолат муддатини рақобатчиникидан кўра узоқроқ қилиб белгилаб қўйиш билангина иш битмаслигини, эртага ана шу белгиланган муддат ичида товарда нуқсон кузатилса, истеъмолчини овораю сарсон қилиб, кўнглини ўзи ишлаб чиқараётган товарга нисбатан бутунлай совитиб қўймаслик чораларини кўришни ҳам унутмаслик кераклигини ҳар биримиз тўғри англаймиз.
Ҳурматли ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар! Узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни сотишда аҳоли (истеъмолчилар)га шу товардан тўғри ва самарали фойдаланиш йўл-йўриқларини тушунтиришдан эринманг! Зеро, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5 ва 6-моддаларида сизларнинг зиммангизга шундай мажбуриятлар юклатилган.
Шунинг билан биргаликда, амалдаги қонуннинг 14 ва 15-моддаларида нуқсонли товарни алмаштириш ва бепул таъмирлаш бўйича тартиб-қоидалар ҳамда қатъий муддатлар белгиланганлигини, ана шу муддатларни ўтказиб юбориш эса сизга нисбатан неустойка (пеня)лар ҳисоблаб борилишига сабаб бўлишини ҳам унутманг.
Асроржон Маматқулов
Қўқон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment