Қарздорликнинг келиб чиқишига “алмаштирилган” ҳисоблагич сабаб бўлган

Қарздорликнинг келиб чиқишига “алмаштирилган” ҳисоблагич сабаб бўлган

Чаман қишлоғида яшовчи М.Парпиева билан содир бўлган ҳолат эса электр таъминоти масалалари билан боғлиқ. Корхона истеъмолчига 1 418 280 (бир миллион тўрт юз ўн саккиз минг икки юз саксон) сўм қарздорлик чиқарганидан сўнг, у ушбу ҳолатдан норози бўлиб, Қува туман жамиятимизга мурожаат қилган.

Мурожаат туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчи фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни амалга ошириб келаётганлиги, корхонанинг мижозлар билан ишлаш бўлими базасидаги истеъмолчининг шахсий варақасига хонадондаги электрон ҳисоблагич ускунаси 10.07.2015 йил кунида 2115 (икки минг бир юз ўн беш) кВт/соат кўрсаткич билан алмаштирилди ва янги ускуна ўрнатилди, деган мазмундаги маълумотлар киритиб юборилганлиги, аслида эса истеъмолчининг электр ҳисоблаш ускунаси алмаштирилмаганлиги маълум бўлди. Камига 2015 йилнинг 12 октябр куни корхона ходимлари томонидан ўтказилган хатловда истеъмолчининг хонадонидаги электр ускунаси кўрсатгичини 2250 кВт/соат сифатида базага киритилиши ва буни базада янги ҳисоблагичнинг кўрсатгичи сифатида ҳисоблаб кетилиши (аслида эски ҳисоблагич 2250-2115=135 кВт/соат ишлаган) истеъмолчининг бугунги кунга келиб дуч келиб турган қарздорлик муаммосини келиб чиқишига сабаб бўлганлигини ҳам ўрганиш ишлари кўрсатиб берди.

Ҳужжатда алмаштирилган, лекин аслида иш фаолиятини давом эттираётган ҳисоблагичнинг бугунги кун ҳолатига кўрсаткичи 4166 кВт/соатга етган. Истеъмолчи томонидан амалга ошириб келинган тўловлар эса ҳисоблагичнинг 3260 кВт/соатига қадарни ташкил қилади. Бу ердан оддий арифметика усули билан истеъмолчининг ҳақиқатдаги қарздорлиги 906 кВт/соатни ёки 267270 сўмни ташкил қилишини билиш мумкин.

Қува туман жамияти томонидан ўрганиш ишлари натижалари юзасидан туман электр таъминоти корхонасига юзага келган асоссиз қарздорликни бартараф этиш чора-тадбирларини кўрилишини сўраб тегишли маълумотнома киритилди ҳамда бу ҳақда истеъмолчига ёзма равишда маълум қилинди.

Феруза Умурзақова
Қува туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment